Ижтимоий тармоқларда Мангистау — Нукус йўловчи поезди Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидан ўтаётганида ёнғин юз бергани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси матбуот хизмати муносабат билдирди.

Қайд этилишича, ҳолат 19 сентябрь куни Қозоғистон Мангистау вилоятидан Нукусга қараб ҳаракатланган йўловчи поездида содир бўлган. Соат 14:47 да тепловознинг «Б» секциясининг турбокомпрессоридан учқун чиқа бошлаган, бу эса вагонлараро туташувларда махсус резина пластиналарнинг (суфле) ёнишига олиб келган.

Машинист томонидан тепловоз ҳаракат таркибидан соат 14:50 да узилиб ёнғин бартараф қилинган ва соат 15:30 ҳаракатни давоми эттирган. Юқорида келтириб ўтилган ҳолат бўйича фуқароларга ва йўловчи вагонларига шикаст етмаган.

Йўловчи поезд Нукус бекатига соат 16:23 кириб келган (1 соат 3 дақиқа жадвалдан кеч кириб келган).

Ҳодиса оқибатида масъул шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилди ва қолган локомотивлар ёнғин хавфсизлиги бўйича такрорий текширувлардан ўтказилди. Ҳозирда локомотив таъмирланиб, фойдаланишга тайёр, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур йўналиш 22 августдан йўлга қўйилганди. Поезд ҳафтада уч марта ҳаракатланади, қатнов салкам 21 соатни ташкил қилади.