Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси мамлакатнинг шимолий ҳудудларида мураккаб вазият вужудга келаётганини эътиборга олиб ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.
Элчихона фуқаролардан ҳозирги пайтда шахсий хавфсизлик чораларини кўришларини ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликни, Исроил ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини кузатиб боришларини тавсия қилди.
Исроил фронторти қўмондонлигидан билдиришномалар ва огоҳлантиришлар (Home Front Command) мобил иловаси ёки веб-сайти ҳаволасини телефонга ўрнатиб олиш сўралди.
«Заруриятсиз кўчага ва бошқа кўнгилочар муассасаларга ташриф буюрманг. Илтимос, ўз ҳаётингизни эҳтиёт қилинг», — дейилади ваколатхона хабарида.
Шошилинч ёрдам ёки маслаҳат учун элчихона контактлари. Фавқулодда ёрдам телефонлари:
- 03−672−2466;
- 03−672−2371;
- 03−758−5075;
- 03−758−5076.
Фавқулодда ва шошилинч хабарлар учун: +972 54 485 1397.
23 сентябрь куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Исроил томони «Ҳизбуллоҳ» билан алоқадорлигини даъво қилаётган Ливандаги юзлаб нишонларга ҳаво ҳужумлари амалга оширганди. Мамлакат мудофаа вазири Ёав Галант Ливанда «Шимол ўқлари» деб номланган ҳужум операциясини эълон қилган эди, бош вазир Бинямин Нетаняху маҳаллий аҳолини «Ҳизбуллоҳ» муассасалари яқинидаги ҳудудларни тарк этишга чақирган.