24 сентябрь куни «Чанг бўронларига қарши курашиш ва атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-338-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасида чанг бўронларига қарши курашиш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш бўйича 2024−2030 йилларга мўлжалланган миллий дастур тасдиқланди.

Қуйидагилар Миллий дастурнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:

  • чанг ва қум бўронлари олдини олиш ва оқибатларини юмшатишда илғор технологияларни жорий этиш ҳамда ҳудудларда яшил қопламаларни кенгайтириш;
  • 2028 йилгача кучли чанг бўронлари ҳосил бўлиш суръатларини ҳозирги ҳолатига нисбатан 50 фоизга қисқартириш.

2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг 12 та туманида фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлаштирилган кичик станцияларни ўрнатиш ишлари бошланади.

2026 йил 1 январдан Тошкентда ўрнатилган махсус монитор ва таблоларда мажбурий равишда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ҳамда гидрометеорологик маълумотлар эълон қилиб борилади.

Қарорга кўра, Марказий Осиё давлатлари билан муҳокама қилган ҳолда Яшил Марказий Осиё фонди ва Марказий Осиё иқлим масалалари марказини ташкил этишнинг концептуал асослари ишлаб чиқилади.

2030 йилдан Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилоятининг ҳудудларида жойлашган иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланади.

Тошкент шаҳрига туташ туманлардаги 1,2 мингдан ортиқ иссиқхоналарда фойдаланилаётган кўмир ёқилғисининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади ҳамда бундай ускуналарни ўрнатиш учун иссиқхона хўжаликларига субсидия ажратиш механизми жорий қилинади.

2025−2030 йилларда Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилоятининг ҳудудларидаги жами 441 гектар ер майдонларида «яшил белбоғ» ва «яшил боғлар» ташкил қилинади.

2028 йилдан «Евро — 4» стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш босқичма-босқич чекланади.

2024 йилнинг январида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини тезда нормал ҳолатга келтириш чораларини таклиф қилган эди. Пойтахтда ишлаётган иссиқлик пунктларида мазутдан захира ёқилғи сифатида фойдаланиш тақиқлангани шулар жумласидандир.

Ўшанда таъкидланишича, куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига ҳамда аҳолини эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мавжуд маълумотларга кўра, декабрь ойида Тошкент шаҳридаги олти иссиқлик марказларининг тўққизта қозонхонасида 3 минг тонна мазутдан фойдаланилган.

Мазут оғир нефть ёқилғиси деб аталади, у ўзида нефтни дистиллаш пайтида олинган қолдиқни, унинг иккиламчи маҳсулотларини ва газ конденсатини жамлайди.

Февралда эса Энергетика вазирлиги пойтахт ҳавоси ифлосланишида «мазутнинг заррача „айби“ йўқ» эканини таъкидлаганди.