Самарқанд шаҳрида ўтаётган ОИИБ Бошқарувчилар кенгашининг йиллик йиғилиши доирасида 25 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Хитой молия вазири Лань Фоанни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда икки давлат ўртасидаги барча шароитларда стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни олий даражадаги келишувларга мувофиқ кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан шерикликни мустаҳкамлаш, устувор инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев, бундан ташқари, Ҳиндистон молия ва корпоратив ишлар вазири Нирмала Ситхараман бошчилигидаги делегацияни ҳам қабул қилди.
Унда Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда олий даражадаги келишувларга мувофиқ кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йил ноябрь ойида бўладиган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини пухта тайёргарлик кўрган ҳолда ўтказиш ҳамда унинг доирасида Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Энергетика, нефть-кимё, рақамлаштириш, соғлиқни сақлаш, фармацевтика соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш, транспорт йўлакларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Президент ва Қатар молия вазири Али бин Аҳмад ал-Қуварий бошчилигидаги делегация учрашувида икки томонлама, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
«Яшил» энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, туризм, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Йил якунига қадар Доҳа шаҳрида ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қўшма бизнес форуми ўтказилиши қайд этилди. Маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.