Тошкент-Самарқанд ва Самарқанд-Навоий-Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темирйўл қурилади. Бу ҳақда президент Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки йиғилишидаги нутқида маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2030 йилгача 30 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича катта дастур қабул қилинган.
Хусусан, Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Андижон йўналишларида пуллик автомобиль йўллари, Тошкент-Самарқанд, Самарқанд-Навоий-Бухоро йўналишларида тезюрар поездлар учун янги темир йўл қуриш лойиҳалари амалга оширилиши маълум қилинди.
Республиканинг 6 та халқаро аэропортини модернизация қилиш давлат-хусусий шерикликка берилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда энергетика, сув, транспорт, IT ва бошқа инфратузилмаларни яхшилаш учун йиллик эҳтиёж ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизига тенг.
Шу маънода, президент бугунги анжуман «Барча учун барқарор инфратузилма яратиш» мавзусида ўтказилаётгани олқишлади.
«Бу борада халқаро молия ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, катта тажриба орттирилди. Бунинг натижасида ушбу соҳаларга хусусий сектор фаол кириб бормоқда», — дейилади хабарда.