25 сентябрь куни Сурхондарё вилояти Шўрчи туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Шўрчи туманида Халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, Шўрчи туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган камчиликларга тўхталди.

Вилоят раҳбари шу вақтга қадар туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Улуғбек Зокиров (2023 йил январида тайинланган) бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилганини билдириб, Акбарали Ишмурзоев номзодини ҳоким этиб тайинлаш таклифини билдирди. Номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Акбарали Ишмурзоев 1982 йилда Денов туманида туғилган. 2003 ва 2009 йилда Термиз давлат университетини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — транспорт воситаларидан фойдаланиш, молия.

Фаолияти давомида ижро ҳокимияти органларида турли лавозимларда, хусусан, Узун ва Ангор тумани ҳокимларининг ўринбосари вазифасида меҳнат қилган. Тайинловга қадар Ишмурзоев 2023 йилдан буён Денов тумани ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келаётган эди.