Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан инфратузилмани ривожлантириш бўйича 2030 йилгача бўлган стратегик шериклик дастурини қабул қилишни қўллаб-қувватлади. Дастурни тайёрлашга киришиш ташаббуси мамлакат раҳбарининг банк президенти Цзинь Лицюн билан учрашувчида илгари сурилди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
«Учрашув аввалида ОИИБ раҳбари банкнинг асосий тадбирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга ҳар томонлама кўмаклашгани учун мамлакатимиз етакчисига чуқур миннатдорчилик билдирди ҳамда Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас ислоҳотларни бундан буён ҳам қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади», — дейилади хабарда.
Қабулда Ўзбекистоннинг Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан кенг қамровли ҳамкорлигини ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда томонларнинг ҳамкорлик энг юқори даражага кўтарилгани қайд этилди. Лойиҳалар портфели 3 млрд доллардан ошгани Ўзбекистонни ОИИБнинг минтақадаги асосий бенефициарига айлантирди ва амалиётлар ҳажми бўйича дунёда олтинчи ўринга кўтарди.
Ҳозирда банк билан ҳамкорликда мамлакатда транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, коммунал соҳа ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
ОИИБ билан 2030 йилгача инфратузилмани ривожлантириш бўйича стратегик шериклик дастурида устувор йўналишлар сифатида камбағалликни қисқартириш, Янги Тошкентни барпо этиш, давлат-хусусий шериклик ва хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш, сув, транспорт ва энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш каби соҳалар белгиланди.
Қабулда Марказий Осиё минтақасида йирик инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашув якунида Шавкат Мирзиёев ҳузурида умумий қиймати 4 млрд доллардан ортиқ истиқболли лойиҳалардан иборат 2026 йилга қадар даврга мўлжалланган янгиланган «йўл харитаси» имзоланди.
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки йиғилишидаги нутқида келгуси 3 йилда банк билан яна 4 млрд долларлик лойиҳалар дастурини амалга ошириш бўйича келишувга эришилганини таъкидлаганди.