23 сентябрь куни президент «Ўзбекистон Республикасида тиббий ва соғломлаштириш туризмини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [ПҚ-З35] қарорини имзолади.

Қарорда таъкидланишича, тиббий ва соғломлаштириш туризми имкониятларидан тўлиқ ҳамда самарали фойдаланиш, тиббий туризм кластерлари ва меҳмонхона типидаги замонавий санаторийлар фаолиятини йўлга қўйиш, ушбу фаолият турлари билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш мақсад қилинган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг:

  • «Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» (Medical service hospitality) дастурини амалга ошириш;
  • давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамда санаторий ва пансионатлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини мониторинг қилиш тизимини жорий қилиш;
  • консалтинг — диагностика — даволаш — туроператор — транспорт — тиббий таржимон хизматларини биргаликда кўрсатадиган тиббий туризм кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш ва уларни рағбатлантириш механизмларини жорий қилиш;
  • «Авиценна» номи остида Ўзбекистон Республикасининг тиббий ва соғломлаштириш туризми брендини ишлаб чиқиш ва уни доимий равишда тарғиб қилиб бориш;
  • тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар типидаги санаторийлар фаолиятини йўлга қўйиш ва уларни сертификатлаштириш тизимини жорий қилиш;
  • тоғли, шифобахш балчиқ қатламлари бор ҳамда шифобахш сувлар қаторига киритилган ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик сув (термал сув) объектлари мавжуд бўлган ҳудудларда санаторий-курорт зоналарини ташкил қилиш;
  • 2025 йил 1 апрелга қадар интернет тармоғи орқали яшовчиларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган махсус электрон дастури (Е-mehmon)га уланган хусусий тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларини дастлабки олти ойлик абонент тўловини тўлашдан озод қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади.

Андижон, Наманган, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳокимликлари Туризм қўмитаси ҳамда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда санаторий-курорт зоналарига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш чораларини кўриши белгиланди.

Янги тартибга мувофиқ:

  • Халқаро қўшма комиссиядан (Joint comission international) аккредитациядан ўтган дастлабки 30 та хусусий тиббиёт муассасасининг аккредитациядан ўтиш харажатларининг 50 фоизи Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади. Бунда имтиёздан фойдаланган хусусий тиббиёт муассасаси билан аффилланган шахсларга мазкур имтиёз тақдим этилмайди;
  • шифобахш сувлар қаторига киритилган ва санитария соғломлаштириш аҳамиятига молик сув (термал сув) объектларидан тиббиёт муассасалари, санаторий ва пансионатлар тенг ва умумий тартибда фойдаланади.

Қарор билан туризм қўмитасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилди:

  • Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чегара божхона постлари ҳудудида ўз маблағлари ҳисобидан хорижий фуқаролар учун республикадаги тиббиёт, соғломлаштириш муассасалари имкониятлари тўғрисида тарғибот кампанияларини ташкил қилиш;
  • давлат тили ва хорижий тилларда тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг ягона реестрини шакллантириш ва уни доимий равишда янгилаб бориш;
  • тоифали (юлдузли) меҳмонхоналар типидаги санаторийларни сертификатлаштирилишини ташкил қилиш;
  • махсус тиббий ва соғломлаштириш туризми йўналишлари (маршрутлари)ни ишлаб чиқиш.

Туризм қўмитаси 2025 йил 1 мартга қадар:

  • тиббиёт муассасалари, санаторийлар ва тиббий туризм йўналишида хизмат кўрсатувчи туроператорларнинг хизматлари сифати баҳолаб борилишини назарда тутувчи рейтингни шакллантириш учун электрон платформа;
  • давлат тили ва хорижий тилларда тиббиёт ҳамда соғломлаштириш муассасаларининг ягона реестри ишга туширилишини таъминлаши белгиланди.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • 2028 йил 1 январга қадар Ягона реестрга киритилган тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларининг халқаро туризм ярмаркалари ва кўргазмаларда ўз хизматлари ҳамда маҳсулотлари билан иштирок этиш харажатлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
  • 2027 йил 1 январга қадар тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларининг шифокорлари томонидан хорижий мамлакатларда бепул тиббий диагностика хизматларини ташкил қилиш билан боғлиқ транспорт ва яшаш харажатлари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ва Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда қоплаб берилади.

Хорижий мамлакатларда бепул тиббий диагностика хизматларини ташкил қиладиган тиббиёт ва соғломлаштириш муассасаларининг шифокорлари рўйхати Ягона реестрга киритилган муассасалар орасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Туризм қўмитаси билан биргаликда шакллантирилади.

Ягона реестрга киритилган тиббиёт ва соғломлаштириш муассасалари, рейтингда 70 ва ундан юқори балл олган тиббиёт муассасалари, санаторий ва туроператорлар хизматлари ҳамда маҳсулотларини хорижий мамлакатларда тарғиб қилиш учун босма ва видео маҳсулотларни тайёрлаш Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Электрон платформа ҳамда Ягона реестр Туризм қўмитаси буюртмаси асосида ишлаб чиқилади ва Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг тиббий ва соғломлаштириш туризми имкониятларини тарғиб қилиш соҳасидаги ваколатли орган этиб белгиланди.