Ўзбекистон яқин беш йил ичида сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 25 сентябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошқарувчилар кенгаши йиғилишида маълум қилди.

«Ўртача глобал ҳарорат 2040 йилга қадар 1,5 даражага ортиши прогноз қилинган эди. Лекин ҳозирги вазиятда бу ҳолат 2030 йилдаёқ юз бериши мумкинлиги бизни жиддий хавотирга соляпти», — деди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми тоза ичимлик суви муаммосига дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши суръатлари тезлашиши оқибатида озиқ-овқат танқислиги глобал хавфга айланди. Оқибатда дунёда 800 миллионга яқин одам ўта оғир камбағаллик шароитида яшайди.

Турли минтақаларда авж олаётган зиддиятлар боис анъанавий логистика йўналишлари мутлақо ўзгаряпти. Маҳсулот етказиш занжиридаги узилишлар хомашё ва истеъмол товарларининг қимматлашишига сабаб бўляпти, деди давлат раҳбари.

Бугунги кунда Марказий Осиё аҳолиси 80 миллион кишидан ошади. Яқин беш йил ичида минтақа ялпи ички маҳсулоти 700 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

«Шу билан бирга, минтақамизда йирик инфратузилма лойиҳаларига талаб кун сайин ортиб бормоқда. Ҳозирда амалга ошириш бошланган „Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон“ темирйўлини қуриш ана шундай йирик минтақавий инфратузилма лойиҳасига яққол мисолдир», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бундан ташқари, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув ресурслари тақчиллиги муаммолари, айниқса, ўткир тус олмоқда.

«Ўзбекистон бу борада ўз стратегиясини ишлаб чиқиб, келгуси беш йилда сувдан фойдаланиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш орқали 15 миллиард куб метр сувни тежаш бўйича катта лойиҳаларни бошлаган. Лекин сув муаммосини ҳал қилиш бутун минтақа давлатлари ва халқаро молия ташкилотларининг биргаликда ишлашини талаб қилади», — қайд этди у.

Президент Осиё инфратузилма инвестиция банки билан ҳамкорликда сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш бўйича минтақавий марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. «Ўйлайманки, қўшниларимиз ҳам бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлайди», — таъкидлади у.

Ўзбекистонда чучук сувнинг 90% дан ортиғи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади. Бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан анча юқори.

2023 йил апрель ойида Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарининг биринчи ўринбосари 2030 йилга бориб мамлакатда 7 миллиард куб метр сув етишмаслигини таъкидлаган эди (ҳозирги ҳажмнинг 25 фоизи). Ҳамкор BCG Ўзбекистонда сувни тежаш бўйича ташаббусларни 10 миллиард долларга баҳолади. Унинг сўзларига кўра, давлат харажатларни тўғри белгилаши керак.

Ўзбекистонда ичимлик суви тарифлари кўтарилиши, Қорақалпоғистонда шоли етиштириладиган майдонларнинг қисқариши, Қирғизистоннинг Қозоғистонга суғориш учун сув беришни тўхтатгани минтақада сув инқирози кучайиб бораётганидан далолат беради. «Газета.uz» ҳудудлардаги сув билан боғлиқ вазиятни ўрганганди.

Октябрь ойида «Газета.uz» икки йил давомида Ўзбекистон бюджетидан сув хўжалигига қарийб 2 миллиард доллар ажратилгани (2,54 миллиард долларлик давлат қарзини ҳисобга олмаганда), аммо бу вақт ичида сув исрофи ва насосларнинг ҳолати яхшиланмагани ҳақида ёзган эди. 2024 йилда яна 1,7 триллион сўм ва 300 миллион доллар кредит ажратиш кўзда тутилган.