Тошкент шаҳри Яккасарой туманида 23 сентябрь куни Lacetti ва Malibu-2 машиналари тўқнашди. Бу ҳақда шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.

ЙТҲ соат 21:30 ларда Юсуф Хос Ҳожиб кўчасида юз берган. Ҳайдовчилар — 2002 йилда туғилган А.К. ва 1996 йилда туғилган М.Қ.

Тўқнашув оқибатида ушбу ҳайдовчилар ҳамда Lacetti машинаси йўловчиси (1951 й.т.) X.Т. биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага олиб кетилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кўриш мумкинки, Malibu катта тезликда ҳаракатланиб, Lacetti’га урилган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. ЙҲХБ йўл ҳаракати қатнашчиларидан қоидаларга риоя қилиш ва тезликни меъёрдан оширмасликни сўради.