Замонавий дунёда ҳайвонот боғлари жамиятда қарама-қарши фикрларни келтириб чиқаряпти. Айримлар, ҳайвонот боғлари ҳайвонларни тадқиқ қилиш, сақлаб қолиш ва кўпайтиришда муҳим рол ўйнаши, шунингдек, одамларни табиатни севиш ва унга ғамхўрлик қилишга ўргатишига ишонади. Бошқалар эса бундай муассасаларни ҳайвонлар омма кўнгилхушлиги учун ачинарли ва мазмунсиз ҳаёт кечиришга маҳкум этиладиган шафқатсиз қамоқхоналар, деб ҳисоблайди. Тошкент ҳайвонот боғи ҳақида ҳам турли зиддиятли фикрлар тез-тез қулоққа чалинади. Бироқ ташриф буюрувчилар эътиборидан четда қандай ишлар амалга оширилаётгани одамларга қай даражада маълум?

зоопарк

Фото: Ҳамдам Шараҳмедов / «Газета.uz»

2023 йил ноябрида Тошкент ҳайвонот боғи ходимлари жамоаси билан маъруза ва амалий машғулотлар ўтказиш мақсадида Россиядан ҳамкасблар — Москва ҳайвонот боғи академияси раҳбари Ирина Работнова ва илмий-тадқиқот сектори раҳбари Елена Непринцева келганди. «Газета.uz» улар билан ҳайвонот боғларининг пайдо бўлиш тарихи, мақсади, фаолияти, одамлар ва ҳайвонлар ҳаётида тутган ўрни ҳақида суҳбатлашган ва дунё нима учун ҳали ҳам улардан воз кечолмаётганини тушунишга уринганди.

зоопарк

Чапдан ўнгга: Ирина Работнова ва Елена Непринцева. Фото: Тошкент ҳайвонот боғи.

Замонавий ҳайвонот боғи нима ва у нима билан шуғулланади?

«Биологик энциклопедик луғат»га кўра, ҳайвонот боғи — илмий-маърифий муассаса. Унинг вазифалари ҳайвонот оламининг хилма-хиллигини намойиш этиш, табиат ҳақидаги билимларни тарқатиш, ҳайвонларни асраб-авайлашни тарғиб қилиш, ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги турларнинг генофондини сақлаб қолишдан иборат. У чорвачиликдан ҳудудининг нисбатан каттароқлиги ва ҳайвон турлари сонининг кўплиги билан ажралиб туради.

Ташриф буюрувчиларда кўпинча барча ҳайвонот боғлари фақатгина тутқунликдаги ҳайвонларни намойиш қилиш воситасида одамларнинг вақтичоғлик қилишига хизмат қилиш мақсадида яратилган, деган тасаввур бўлади. Бироқ замонавий ҳайвонот боғларини ташкил этишдан мақсад — фақат кўнгилочар мақсадларга хизмат қилиш эмас, уларнинг фаолияти анча кенгроқ ва чуқурроқ.

Елена Непринцеванинг сўзларига кўра, ҳайвонот боғларининг тўртта асосий мақсад ва вазифаси бор: табиатни муҳофаза қилиш, илмий-тадқиқот, дам олиш ва маърифий.

зоопарк

Фото: Москва ҳайвонот боғи

Маърифий ва биологик хилма-хиллик, айниқса ноёб ҳайвонлар турларини сақлаб қолиш вазифалари энг бирламчи ҳисобланади. Улар ўзаро боғлиқ ва иккита муаммо — ёввойи ҳайвонларни қандай қилиб тутқунликда сақлаш ва кўпайтириш ҳамда уларни табиатда қандай сақлаб қолиш муаммосини ҳал қилишга қаратилган илмий тадқиқотларсиз имконсиз. Замонавий ҳайвонот боғи, агар унда илм-фан яшамаса, ўзининг мавжудлигини оқлай олмайди, чунки у ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатларини назорат остида кузатиш ва ўрганиш учун ноёб имкониятларни тақдим этади. Олинган билимлар ҳайвонлар биологияси, тиббиёти ва хулқ-атвор хусусиятларини тушунишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳайвонот боғлари ўртасида илмий маълумотлар алмашинуви ҳам кучайяпти, йўқолиб кетиш хавфи остидаги турлар популяциясини тиклаш ва кўпайтириш бўйича халқаро дастурлар ишлаб чиқилмоқда.

зоопарк

Фото: Москва ҳайвонот боғи

Таълим, тарбия ва дам олиш функциялари ҳам ниҳоятда муҳим. Ҳайвонот боғи ҳудудидаги лавҳалар ва плакатлар таълим функциясига хизмат қилади. Ҳайвонот боғларида маданий-маърифий фаолиятни амалга ошириш учун ёш табиатшуносларнинг тўгараклари ишлайди, мактаб ўқувчилари ва талабалар учун маъруза ва дарслар, биология ўқитувчилари ва уй ҳайвонлари эгалари учун курслар, мавзули экскурсиялар, виртуал турлар ташкил этилади.

Ҳайвонот боғларидаги ҳайвонлар қаердан келтирилади ва уларга ким ғамхўрлик қилади?

Аҳоли орасида кенг тарқалган тасаввурдан фарқли ўлароқ, ҳайвонот боғлари учун ҳайвонлар табиий яшаш жойларидан тутиб келтирилмайди. Бундай амалиёт мавжуд, бироқ унга жуда камдан-кам ҳолларда — ҳайвонни сақлаб қолишнинг бошқа имкони қолмаганида — мурожаат қилинади. Табиатдан, асосан, мустақил равишда яшаб қолиш лаёқатига эга бўлмаган — етим қолган ёки жароҳатланган ҳайвонлар ва уларнинг болалари тутиб келинади. Бундай ҳайвонлар ҳайвонот боғи популяцияларига янги генларни олиб келади.

зоопарк

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz».

Ҳайвонот боғларида бугун учратиш мумкин бўлган ҳайвонларнинг аксарияти бир неча авлод давомида тутқунликда яшаган бўлади. Уларни олишнинг асосий йўли — бошқа ҳайвонот боғлари ва халқаро ташкилотлар, жумладан, Жаҳон ва Европа ҳайвонот боғлари ва аквариумлар ассоциацияси (WAZA ва EAZA), Евросиё минтақавий ҳайвонот боғлари ва аквариумлар ассоциацияси, Россия ҳайвонот боғлари ва аквариумлар иттифоқи ва бошқалар билан ўзаро алмашишдир. Бундан ташқари, ҳайвонлар ҳайвонот боғларининг ўзида ҳам кўпайиши мумкин.

Йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларни кўпайтириш халқаро ва минтақавий наслчилик дастурлари билан мувофиқлаштирилади. Айни пайтда, ҳайвонот боғлари ўртасида ҳайвонлар савдоси тақиқланган. Сақлаш стандартлари сингари, дастур ҳайвонларини жойлаштириш EAZA томонидан қатъий назорат қилинади. Ҳуқуқбузарлик учун ҳайвонот боғлари лицензияси бекор қилиниши ва ассоциациядан чиқариб юборилиши мумкин.

Ҳайвонот боғларидаги популяциялар жуда камдан-кам ҳолларда табиатдан янги ҳайвонлар билан тўлдирилганлиги сабабли, уларда насл бузилиши хавфи юқори. Бунинг олдини олиш учун бутун дунёдаги ҳайвонот боғларида у ёки бу турдаги ҳайвонларнинг барча қариндошлик муносабатлари махсус наслчилик китобларида қайд этиб борилади. Бир муассасада дунёга келган ҳайвонлар бошқасига ўтказилганда, бу дастурларнинг координаторлари жуфтларни яқин қариндошларни ўзаро чатиштиришга йўл қўйилмайдиган тарзда танлайди. Шундай қилиб, ҳайвонот боғларида сақланадиган турларнинг сунъий популяцияси генофондининг хилма-хиллиги сақланиб қолади.

зоопарк

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

«Замонавий ҳайвонот боғининг мақоми унда сақланадиган ёки кўргазмага қўйилган ҳайвонлар сони билан белгиланмайди. Коллекция катта бўлиши шарт эмас, у малакали ташкил этилган бўлиши керак. Тутқунликда жуда яхши кўпаядиган ва катта насл берадиган ҳайвонлар бор. Уларнинг популяциясини кузатиш муҳим. Агар ҳайвонот боғида бўш жой йўқ, янги ҳайвонларни қўшиб олишга тайёр бўлмаса, ҳайвон боласи кераксиз бўлиб қолади ва уни йўқ қилишга тўғри келади», — дейди Елена Непринцева.

Ҳайвонот боғи ҳайвонларга нима таклиф қилади?

Ҳайвонлар фаровонлиги бўйича WAZA стратегиясига кўра, ҳайвонот боғида сақланадиган ҳар бир жонивор фаол ҳаёт кечириш учун кенг майдон ва ёлғиз қолиш учун хилват жой, шахсий парвариш, махсус озиқ-овқат ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ҳайвонот боғининг фаолият йўналишларидан бири — ҳайвонларнинг яшаш шароитларини бойитишдир. Уларнинг ҳаётини янада қизиқарли ва ранг-баранг қилиш, шунингдек, ғайритабиий хатти-ҳаракатларнинг (стресс ҳамда тегишли жисмоний ва ақлий фаолликнинг етишмаслигидан келиб чиқадиган стереотипик хулқ-атвор, бунинг натижасида ҳайвонлар айлана бўйлаб юради, панжараларни тишлайди ва ҳоказо — таҳр.) олдини олиш мақсадида ҳайвонлар ўз табиатига хос бўлган хулқ-атворни намоён қилишига имкон берувчи турли предметлар (картон қутилар, ўйинчоқлар ва бошқалар) билан таъминланади.

зоопарк

Гамадриллар учун янги ёзги қафас. Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Ҳайвонот боғида сақланувчи ҳар бир жониворга махсус шахс — кипер ғамхўрлик қилади. У ҳайвонни боқади, парваришлайди ва уни қўлга ўргатади. Унинг вазифалари қаторида машғулотлар — ўйин шаклидаги мунтазам машқлар ўтказиш ҳам бор. Бундай машғулотлар кўпинча ҳайвонларнинг саломатлигини сақлаш учун тиббий мақсадларда амалга оширилади. Бундан ташқари, киперлар ҳайвонот боғи машғулотларини оперант ўргатиш усули асосида олиб боради. Бу усул ижобий рағбатлантириш тамойилига асосланган бўлиб, муайян хулқ-атвор учун мукофотлаш ва жазолаш орқали амалга оширилади.

зоопарк

Фото: Ксения Горбачёва / «Газета.uz».

Яхши ҳайвонот боғларида фауна вакиллари табиий шароитдагига қараганда узоқроқ умр кўради. Бундан ташқари, табиатда деярли йўқолиб кетган ҳайвонлар турлари мавжуд ва ҳайвонот боғлари улар учун ягона нажот масканига айланган. Ҳайвонот боғлари шарофати билан Пржевалский оти, Давид буғуси, Европа зубри, Араб орикси, Гавайи ғози, фил-тошбақа, оқ каркидон ва бошқа турларни сақлаб қолишга муваффақ бўлинган.

зоопарк

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Бўш жой мавжуд бўлган тақдирда, ҳайвонот боғлари мусодара қилинган ва қутқариб қолинган ҳайвонларни қабул қилади. Бироқ ҳамма муассасалар ҳам бундай масъулиятни ўз зиммасига олавермайди, чунки бундай ҳайвонлар турли муаммолар билан келади ва қўшимча молиявий харажатларни талаб қилади.

«Бизга кўпинча узоқ мамлакатлардан ноқонуний олиб келинган ёки шахсий қўриқхоналарда тутқунликда сақланган ҳайвонлар масаласида мурожаат қилишади. Баъзида масъулиятсиз эгалар ўзларининг экзотик уй ҳайвонларини ҳайвонот боғлари дарвозалари олдида қолдиришлари ҳам мумкин. Биз ҳайвонлардан юз ўгиролмаймиз, шунинг учун ҳаммани қабул қиламиз ва ёрдам берамиз. Шундан сўнг уларни ўзимизда қолдирамиз ёки янги уйга топширамиз. Агар ҳайвонот боғлари бўлмаганида, бу бечора ҳайвонларнинг тақдири қандай кечарди — номаълум», — дейди Ирина Работнова.

Ҳайвонот боғларига кўпинча шаҳар фаунаси вакиллари келиб қўшилади. Ўсимликлар ва сув ҳавзаларига бой бўлган табиий ландшафт олмахонлар, бурундуқлар, типратиканлар, норкалар, сувкучук (ондатра)лар ва бошқа майда жонзотлар учун жуда мос келади. Қушлар муассасалардан озиқланиш, дам олиш ёки уя солиш мақсадида фойдаланади.

«Тўғри ташкил этилган» ҳайвонот боғлари қандай бўлади?

Сақланадиган ҳайвонлар, ташриф буюрувчилар ва ходимлар учун соғлом, қулай ва хавфсиз шарт-шароитларни таъминлай олган ҳайвонот боғларинигина «тўғри ташкил этилган» деб аташ мумкин.

Замонавий ҳайвонот боғлари тушунчаси тахминан 100 йил олдин ривожлана бошлаган. Улардаги ҳайвонлар табиий яшаш жойларига тақлидан ташкил этилган шароитларда сақланади — катак ва қафаслар ўрнига ариқлар, тепаликлар, ўсимликлар ва сув ҳавзаларидан фойдаланилади. Қафасларни лойиҳалашда ҳайвонларнинг барча жисмоний ва хулқ-атвор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда атроф-муҳитни бойитиш элементлари, масалан, ходалар, новдалар, шиналар, бочкалар, қутилар, шишалар, йўл конуслари, ўйинчоқлар, бошқотирмалар ва бошқалар қўшилади. Ушбу табиий кўргазма воситалари ҳар мавсумда янгилаб турилади. Ҳайвонот боғи «аҳолиси» одамлар билан минимал алоқа ва максимал парвариш билан, ортиқча стресс ва жароҳатларсиз бой ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун ҳамма чоралар кўрилади.

зоопарк

Сингапур ҳайвонот боғи. Фото: Headout.com

Бу талабларнинг барчасига Сингапур ҳайвонот боғи жавоб беради. У ўрмон ва кўллардан ташкил топган тахминан 28 гектарлик тропик қўриқхона ҳудудида жойлашган. У ерда жами 300 дан ортиқ ҳайвон турлари, жумладан, йўқолиб бораётган турлар ҳам яшайди. Ҳайвонот боғининг асосий фахри — ҳайвонларни табиий яшаш муҳитида намойиш этишидир. Анъанавий деворлар кўзга кўринмас тўсиқлар — сувли чуқур хандақлар ва чакалакзор деворлар билан алмаштирилган. Инсон ҳаётига хавф соладиган ҳайвонлар ҳам худди шундай очиқ ва кенг, бироқ тўлақонли табиий ландшафт яратилган ойнаванд қафасларда яшайди. Сингапур ҳайвонот боғи дунёда биринчи бўлиб тунги сафари хизматини ишга туширган — бунда ташриф буюрувчилар тунги ҳайвонларнинг хулқ-атвори ҳақида кўпроқ маълумот олиш имконига эга бўлади.

зоопарк

Сингапур ҳайвонот боғи. Фото: Headout.com

«Тўғри ташкил этилган» ҳайвонот боғига яна бир мисол — Финляндиядаги Рануа ёввойи табиат парки. Дунёнинг энг шимолий ҳайвонот боғи ўзининг энг бой Арктика коллекцияси билан машҳур. Унинг улкан ҳудуди 1983 йилдан бери шимолий ҳайвонларнинг 60 дан ортиқ турлари учун бошпана вазифасини ўтайди. Уларнинг барчаси табиий шароитларни такрорлайдиган шарт-шароитларда сақланади. Меҳмонлар табиий қафасларни ажратиб турувчи ва ҳайвонларни эркин томоша қилиш имконини берувчи ёғоч кўприклар бўйлаб ҳаракатланади.

зоопарк

Рануа ёввойи табиат парки. Фото: Lapland.fi

Муассаса, шунингдек, ветеринария шифохонаси вазифасини ўтайди: бутун мамлакатдан жароҳатланган ҳайвонлар шу ерга келтирилиб, кейин табиат қўйнига қўйиб юборилади. Ҳайвонот боғида фаунага зарар етказмаган ҳолда дам олиш ва вақтичоғлик қилишга эътибор қаратилади. Ташриф буюрувчилар қордаюрар (снегоход) минишлари ва чанғида учишлари, ит ва буғу қўшилган чаналарда сайр қилишлари ва Лапландия чодирига киришлари мумкин. Сайрни пикник билан бирлаштириш учун бутун маршрут бўйлаб гулханлар ташкил этилган, кириш қисмида эса эсдалик совға дўконлари ва кафелар мавжуд.

зоопарк

Финляндиядаги Рануа ёввойи табиат парки. Фото: Lapland.fi

Ҳайвонот боғлари одамларга нима учун керак?

Замонавий ҳайвонот боғларини барча ёшдаги миллионлаб одамлар жамланадиган нуқта деб аташ мумкин. Биргина Москва ҳайвонот боғига ҳар йили 3 миллиондан ортиқ одам келади. Бу ҳолат мазкур муассасаларни маърифий фаолият учун идеал платформага айлантиради, асосийси — ташриф буюрувчиларга маълумот етказиш усулларини малакали ташкил этиш.

зоопарк

Фото: Москва ҳайвонот боғи

Москва ҳайвонот боғи ходимларининг фикрича, одамлар ҳайвонот боғига келганидан сўнг уларда жониворларга нисбатан меҳр-шафқат уйғонади ва уларни ҳимоя қилиш масаласига кўпроқ эътибор қарата бошлайди. Суратли китоблар ва телекўрсатувлар ҳам одамларга ҳайвонот боғичалик таъсир кўрсата олмайди. Одамлар ёввойи ҳайвонни ўз кўзи билан кўриш имкониятига эга бўлиши муҳим. Баъзи турлар фақат ҳайвонот боғларидагина сақланиб қолган ва одамларда улар билан танишишнинг бошқа имкони йўқ.

Бунга мисол сифатида «Газета.uz»нинг суҳбатдошлари Москва ҳайвонот боғининг рамзи — манулни келтиради. Бу ноёб, йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвон. Кўпчилик одамлар ёввойи табиатда уни ҳеч қачон учратмаган бўларди, лекин ҳайвонот боғида уни нафақат томоша қилиш, балки у ҳақида маълумот ҳам олиш мумкин.

зоопарк

Манул. Фото: Москва ҳайвонот боғи

Улар, масалан, мануллар браконьерлар томонидан овланиши, уларни ҳатто хонаки итлар ҳам ўлдириши мумкинлиги, чунки мануллар қочиб кетмасдан, яширинишга ҳаракат қилиши — бу хатти-ҳаракат мушуклар оиласининг ушбу вакилига хос эканлигини билиб олади. Бу жониворнинг тақдири ҳақида бош қотиришга мажбур қилади, унга нисбатан ҳамдардлик ҳисси уйғонади.

Замонавий ҳайвонот боғларининг мақсади ташриф буюрувчиларни хурсанд қилиш эмас. Одамлар у ерга дам олиш ва табиатга яқинлашиш мақсадида келади. Бунга таълим ва тарбия дастурлари, жумладан экскурсиялар, аудиогидлар, қўлланмалар, виртуал саёҳатлар ёрдам бериши мумкин. Кафе, дўкон, аттракцион, тир ва ўйин майдончалари ташкил этилмагани маъқул, уларни ҳайвонлар қафасларидан имкон қадар узоқроққа жойлаштириш мақсадга мувофиқ .

Ходимларнинг таъкидлашича, кўпчилик ҳайвонот боғида уларнинг ҳаётига хавф солиши мумкин бўлган ёввойи ҳайвонлар борлигини унутиб қўяди. Ташриф буюрувчилар ҳайвонларни овқатлантирмаслик, масхара қилмаслик ёки уларни ўзига жалб қилишга уринмаслик, чақноқ (вспишка) билан суратга олмаслик, қўллар, оёқлар ёки бошқа нарсаларни панжарадан ичкарига суқмаслик, тўсиқлардан ошиб ўтмаслик каби қатъий қоидаларга риоя қилиши лозим. Чиқинди ташлаш, жиҳозларни синдириш ва чекиш ҳам тақиқланади.

зоопарк

Фото: Ксения Горбачёва / «Газета.uz».

Ҳайвонот боғи томонидан ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузиш нафақат зарар етказиши, балки ҳайвоннинг ўлимига олиб келиши мумкин. Афсуски, кўплаб ҳайвонот боғларида, жумладан, Москва ва Тошкентда ходимлар масъулиятсиз ташриф буюрувчиларни жаримага тортиш ёки ҳибсга олишга ҳақли эмас. Улар фақат хулқ-атвор маданиятини яхшилашлари ва ўта жиддий ҳолатларда қоидабузарлардан муассаса ҳудудини тарк этишни сўраши мумкин. Бошқа мамлакатларда бунинг учун ташриф буюрувчи жаримага тортилади, «қора рўйхат»га киритилади ёки жабрланган ҳайвонни даволаш учун пул тўлашга мажбур қилинади.

«Ташриф буюрувчилар паркка кузатувчи сифатида кириб келаётганларини ёдда тутишлари муҳим. Бу ердаги ҳайвонлардан томоша кўрсатишни кутмаслик керак. Уларнинг хулқ-атвори ва турмуш тарзини табиий муҳитда кузатиш янада қизиқарлироқ. Ҳайвонот боғида одамлар — меҳмон, меҳмонга борилганда ахлат ташлаш, шовқин-сурон қилиш, югуриш, эшиклари ёпиқ хоналарга кириш ва ўзини маданиятсиз тутиш одобдан эмас», — дейди Ирина Работнова.

Нега дунё ҳайвонот боғларидан воз кечмайди?

Замонавий дунёда ҳайвонот боғларига эҳтиёж борми, деган саволга Москва ҳайвонот боғи ходимларининг жавоби ижобий. Виртуал ҳайвонот боғлари каби замонавий технологиялар ва муҳофазага олинган табиий қўриқхоналар анъанавий ҳайвонот боғларининг айрим функцияларини бажариши мумкин. Бироқ ноёб турларни сақлаш ва кўпайтириш кўпинча ҳайвонот боғларидаги сингари назоратга олинган муҳитни талаб қилади. Бундан ташқари, улар одамлар ва ҳайвонларнинг учрашадиган жойига айланади ва атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ғоясини илгари суради. Биологик хилма-хилликни сақлаш ва экологик таълимнинг янада ахлоқий ва самарали усулларига интилган ҳолда, бу жиҳатлар ўртасидаги мувозанатни сақлаш лозим.

зоопарк

Фото: Ксения Горбачёва / «Газета.uz».

«Ёмон ҳайвонот боғлари мавжуд эканлигини ҳам инкор этолмаймиз — ҳамма ҳам ҳайвонлар учун муносиб шароитларни таъминламайди ва халқаро стандартларга жавоб бермайди. Одамларнинг ҳайвонот боғлари тўғрисидаги янглиш тасаввурлари айнан шундан келиб чиқади. Ташриф буюрувчиларнинг ҳайвонларга бўлган муносабати кўп жиҳатдан улар қандай намойиш этилаётганига боғлиқ. Ҳайвонот боғига ташриф буюрганлар ҳайвонларга ачинмасликлари керак, улар одамларда завқ-шавқ уйғотиши ва нақадар ажойиб жонзотлар билан бир сайёрада яшаяпмиз, деган тушунча пайдо бўлиши керак. Ҳайвонот боғлари одамларга табиат билан алоқани йўқотмасликка ёрдам беради», — тушунтиради Елена Непринцева.

зоопарк

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

«Газета.uz» суҳбатдошларининг таъкидлашича, ҳайвонот боғлари ҳақидаги фикрлар ҳар доим ҳам адолатли бўлавермайди. Кўпинча муассасаларни ҳайвонларни овқатлантирмасликда айблашади. Замонавий йирик ҳайвонот боғларида сақланадиган ҳайвонлар оч қолмайди ва мувозанатли овқатланади. Агар фауна вакили озғин, касал ёки ҳорғин кўринса, катта эҳтимол билан, у даволанмоқда ва ходимлар унинг соғайиши учун барча зарур чораларни кўраётган бўлади.

зоопарк

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Баъзи турлар мавсумга қараб ташқи кўринишини ўзгартиради. Мисол учун, баҳор ва кузда юнгли ва патли жониворларнинг юнглари ва патлари тўкилиши мумкин. Эҳтимол, бу шунчаки кекса жонивор бўлиб, кексалик таъсирида қариндошлари каби ёш ва бақувват кўринмас. Узоқ умр кўрган ҳайвонлар, ҳайвонот боғига ўнлаб йиллар давомида қилган хизмати ва ташриф буюрувчиларни хурсанд қилаётгани учун, ёш биродарлари билан бир хилда севилади ва ҳурмат кўрсатилади. Бундай ҳайвонларни намойиш этиш алоҳида тарбиявий аҳамиятга эга. Бу ташриф буюрувчиларда ҳамдардлик ҳисси ва ҳар бир тирик мавжудот тўлақонли ҳаёт кечиришга ҳақли, деган тушунча пайдо бўлишига ёрдам беради.

зоопарк

Фото: Тошкент ҳайвонот боғи

Ижтимоий тармоқларда ҳайвонот боғидаги ҳайвонларни табиатга қўйиб юбориш ҳақидаги чақириқларни ҳам учратиш мумкин.

«Ҳайвонот боғлари ҳайвонларнинг эркинлигини чеклайди, чунки ҳатто энг яхши шароитлар ҳам табиий муҳитнинг ўрнини босолмайди. Ҳайвонот боғида туғилган жонзотлар табиий шарт-шароитларда ҳаёт кечиришга лаёқатли эмас ва ўлимга маҳкум. Бизнинг қўлимиздан келадигани — ҳайвонларни муносиб яшаш шароитлари билан таъминлаш, чунки улар ёввойи биродарларининг элчиларидир», — дейди Елена Непринцева.

Ўша суҳбат якунида Москва ҳайвонот боғи ходимлари одамларга шундай мурожаат қилган эди: «Ҳайвонот боғларига келинг, ҳайвонларни томоша қилинг! Уларни узоқ кузатар экансиз, бошқа тирик мавжудотлар қандай яратилгани ҳақида ўйлай бошлайсиз, муҳим бир нарсани тушунасиз. Уларни кузатишдан оладиган энг аҳамиятли нарсамиз — улар қандай бўлса, шундайлигича — бизга ўхшамаган ҳолда яшаш ва мавжуд бўлишга ҳақли эканлигини тушунишдир!».