Ўзбекистон Бурунди билан дипломатик муносабатлар ўрнатди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram каналида ёзди.
Вазир Бурунди ташқи ишлар, тараққиёт ва ҳамкорлик вазири Алберт Шингиро билан биргаликда БМТ бош қароргоҳида тегишли қўшма коммюникени имзолади.
«Ушбу ҳужжат мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини юзага чиқаришда пойдевор бўлиб хизмат қилади», — дея таъкидлади у.
Бу орқали Бурунди Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган 152-давлат бўлди. Аввалроқ Ўзбекистон Сейшел ороллари ва Кабо-Верде билан дипломатик муносабатлар ўрнатганди.