Исроил АҚШ ва бошқа иттифоқчиларнинг Яқин Шарқда масштаблироқ урушнинг олдини олиш учун «Ҳизбуллоҳ» билан ўт очишни уч ҳафтага тўхтатиш ҳақидаги таклифини рад этди, деб хабар бермоқда Reuters.

«Шимолда сулҳ бўлмайди, — деб ёзди Исроил ташқи ишлар вазири Исраэль Кац X’да. — „Хизбуллоҳ“ террор ташкилотига қарши курашни ғалаба қозонгунча ва шимол аҳолиси ўз уйларига эсон-омон қайтгунича бор кучимиз билан давом эттирамиз».

АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия, Австралия, БАА, Саудия Арабистони, Қатар ва бошқа давлатлар 25 сентябрь куни Исроил-Ливан чегарасидаги ҳарбий ҳаракатларни 21 кунга зудлик билан тўхтатишга чақирганди. Уларнинг қўшма баёноти БМТ Бош ассамблеяси доирасидаги дунё етакчиларининг учрашувидан сўнг эълон қилинди. Иттифоқчилар, шунингдек, Исроил Ливанда қуруқликдан ҳужум бошлашидан хавотирда.

Исроил 23 сентябрдан бошлаб Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» нишонлари деб даъво қилинаётган объектларга интенсив ҳаво ҳужумларини бошлаганди. Бу вақт ичида Ливан бўйлаб 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлди, яна 90 минг киши ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Исроил ҳаво операцияси «Ҳизбуллоҳ» аъзолари томонидан фойдаланиладиган пейжерлар ва рациялардаги бир қатор портлашлар ортидан содир бўлди.

  • Исроил ва Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги зиддият Ғазо секторидаги уруш бошланганидан бери авжига чиқди. Гуруҳ Фаластиннинг ҲАМАСини қўллаб-қувватлаш мақсадида Исроилга ҳужумларини кучайтирди ва Ғазода ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилмагунча тўхтамаслигини билдирди. Деярли бир йилдан бери давом этаётган трансчегаравий жанглар оқибатида Исроил шимолида 70 мингга яқин одам ўз уйини тарк этди. Исроил ҳукумати уларни уйларига қайтаришни Ливандаги операциянинг мақсади деб атайди.