Тошкентда 26 сентябрь куни Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан интернет-нашрлар ижодкорлари ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари учун ўтказган «Энг яхши миллий контент» танлови ғолиблари эълон қилинди.
Танлов учун 2024 йил 1 январидан 1 сентябргача бўлган даврда эълон қилинган материаллар қабул қилинган. Ҳар бир даъвогардан камида бештадан материал тақдим этиши сўралган.
«Газета.uz» журналисти Гулираъно Мусаева танловнинг интернет-журналистика йўналиши «Интернет тармоғида эълон қилинган энг яхши миллий контент учун» номинациясида ғолиб деб топилди. Танловнинг бошқа ғолиблари билан бу ерда танишиш мумкин.
Гулираъно Мусаева танлов учун қуйидаги материалларини тақдим этган эди:
- Қариндошлар ўртасидаги никоҳ — бу нега муаммо ва уни қандай ҳал қилиш мумкин?
- Оқ қайиқда — мақсад сари. Париж-2024 Паралимпиадасига йўлланма олган Муҳайё Абдусатторова ҳикояси;
- «Қанча эмас, қандай яшаш муҳим». Тўқувчи Феруза Шоджонова ҳикояси;
- Саҳна ортидаги жараён ва қаҳрамонлар. Шароитидан кўра номи кўпроқ ўзгарган Ўзбекистон давлат драма театридан репортаж;
- «Одамни диабет эмас, ўзига нисбатан бепарволик ва ҳурматсизлик ўлдиради»;
- «Муваффақият жинсга эмас, билим ва қобилиятларга боғлиқ». Мактабда ўқийдиган дастурчи қизлар — лойиҳалари, орзулари ва стереотиплар ҳақида.
Аввалроқ «Газета.uz»нинг бошқа журналисти — Зиёда Рамазонова Ўзбекистон Мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган «Энг улуғ, энг азиз» кўрик-танловининг Интернет-журналистика номинациясида «таълим, фан ва маданият соҳаларига оид долзарб танқидий-таҳлилий материаллари учун» 3-ўринни эгаллаган эди. У танлов учун қуйидаги материалларини тақдим этган эди:
- Пойтахтни эгаллаган Олот кутубхонаси. Туркманистон билан чегара яқинида кутубхона очиш учун Туркиядан қайтган Шаҳноза Наврўзова ҳикояси;
- «Шунча азоб чекиб, рўйхатда йўқ эканимиз алам қилади» — фарзанди «Док-1 Макс»дан ногирон бўлиб қолган ота-она;
- «Келмаган бир президент қолди, холос». Интернет юлдузига айланган ва 45 йилдан бери газли сув сотувчи Абдувосит ота ҳикояси;
- Фотосессия саройига айланган амир қабулхонаси. Уни Абдулаҳадхон Россия императорини кутиб олиш учун қурдирган эди;
- Кафанликдаги сурат, оёқости матбуот, ёниқ умидлар. Фитратга бағишланган кўргазмадан репортаж.