Қишлоқ хўжалиги вазирлиги аввалроқ хабар қилинган пахта-тўқимачилик кластерлари билан фючерс шартномаларини ўзгартириш бўйича қўшимча битимлар тузишга мажбур бўлаётган фермерлар билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, жаҳон бозорида пахта толасига бўлган талаб ва таклифнинг ўзгариши натижасида Ўзбекистонда 2024 йилги ҳосилдан пахтанинг жорий нархлари прогноз нархларга нисбатан арзонлашган. Оқибатда йил бошида (февраль-март) тузилган фючерс шартномаларида кўрсатилган нархлар амалдаги котировкаларга мос келмайган қолган, шу сабабли «кластерлар ўз маҳсулотларини жаҳон бозорида сотишда жуда катта зарарга дуч келяпти».

«Жорий йилги йиғим-терим даврида жаҳон бозоридаги пахта толасининг шаклланган фючерс котировкалари бўйича пахта хомашёсининг бошланғич фючерс нархлари бир тоннаси учун 6 млн 800 минг сўм атрофида шаклланаётганлигидан келиб чиқиб, паст нарх белгиланадиган бўлса, фермерлар жабр кўриши мумкин.», — дейилади 25 сентябрь кунги хабарда.

Вазирликнинг таъкидлашича, пахта етиштираётган фермерлар ҳам, уни қайта ишловчи кластерлари ҳам манфаатдорлигини ҳисобга олиш ҳамда катта йўқотишларга йўл қўймаслик мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 13 сентябрдаги 574-сон қарори қабул қилинган.

Ҳужжатга кўра, биржа савдолари орқали сотилган пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун (электрон ҳисоб-фактура асосида) Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 1 миллион сўм миқдорида субсидия ажратилади. Пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хомашёси ва уруғлик пахта бундан мустасно. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги қарорни амалга ошириш доирасида юзага келадиган қўшимча харажатларни қоплаш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига 5 йилгача муддатга 3,5 триллион сўмгача фоизсиз бюджет ссудаси ажратади.

Фермер хўжаликлари пахта сотишда зарар кўрмаслиги учун «белгиланган тартиб» асосида субсидиялар олади, дейилади вазирлик хабарида.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кузги ўзгарувчан об-ҳаво шароитида «пахта ҳосилини ёғин-сочинга қолдирмасдан тезроқ териб олиш нуқтаи-назаридан бу шартномаларни жадаллаштириш катта аҳамиятга эга» эканини таъкидлади.

«Сабаби бугун фермер ўзи етиштирган маҳсулотини шартнома тузиш орқали топширмаса ва уни пахта қабул қилиш масканларига элтиб, у ерда электрон тарози орқали Agroplatforma.uz'га жойламаса, демакки, унга субсидия беришнинг имкони бўлмайди. Табиийки, терим пули ҳам чиқмайди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, фермер ўз маҳсулотини таклиф қилинган шартларда сотишни истамаса, ишлаб чиқарувчининг ўзини ўзи сақлаши учун шарт-шароит йўқлиги сабабли унга хомашёни вақтинча пахта қабул қилиш масканларига вақтинчалик жойлаштириш имконияти яратилган, таъкидланади вазирлик хабарида.

Бунинг учун фермер вақтинча сақлаш учун йиғиш пункти билан шартнома тузиши керак (сақлаш харажатларини қоплаш шарти билан). Шундан сўнг хомашё электрон платформада рўйхатга олинади ва фермер ўз маҳсулотини қачон ва кимга сотишини ҳал қилиши мумкин. Бунда ҳам пахта электрон тарозилар орқали ўтказилади ва фермер ишлаб чиқариш ҳажмига қараб йиғим учун ҳақ олади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Раҳматулло Ғаффоровнинг туман ҳокими билан суҳбатда барча фермерларни тўплаб, пахта нархини 6800 сўмгача пасайтириш учун Тошкентдан жўнатилган «бланка»га имзо қўйдириш зарурлигини айтган сўзларига ҳам изоҳ берди. Бундан ташқари, у пахтанинг 1 килограммини 8−9 минг сўмдан етказиб бериш бўйича аввал тузилган шартномалар бекор қилинишини айтган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларда Сурхондарё вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи айнан шу ҳолатни назарда тутган бўлиши мумкин, лекин буни етказишда англашилмовчилик юзага келган ва, табиийки, хатога йўл қўйган. Вазирлик томонидан пахта етиштирувчиларнинг шартномасини бекор қилиш, фермерлар ҳамда кластерлар ўртасидаги муносабатлар бўйича ҳудудий бошқармалар ва уларнинг раҳбарларига ҳеч қандай топшириқлар берилмаган», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Шу билан бирга, вазирликнинг таъкидлашича, республика бўйича фермерларнинг 90 фоиздан ортиғи шартномаларни қайта расмийлаштириб, етиштирилган пахтанинг 1 килограммини субсидиялар билан бирга 7800 сўмдан топширмоқда. Пахта хомашёси ҳажми ҳақидаги маълумотлар электрон тарозилар орқали қайд этилади ва Agroplatforma.uz платформасида акс эттирилади.

Агар фермерлар ўртасида тушунмовчилик юзага келса, вазирлик ҳар бир ҳолатни кўриб чиқишга, ечим ва ёрдам беришга тайёр, дейилади хабарда.

«Етиштирилган пахта хомашёсини топширишдаги барча муаммоли ҳолатларда (шартномалар йўқлиги, фермернинг ўзига маъқул бўлмаган кластерга сотмаслик қарорида экани, бугунги нархларнинг кўтарилишини кутиш истагида экани ва ҳ.к.) терилган хомашёни пахта қабул қилиш масканларига вақтинчалик сақлаш учун топшириб, муаммоли масалларни босқичма-босқич ишлаб чиқарувчилар билан ўзаро келишган ҳолда бартараф этишлари мумкинлигини билдирамиз. Мақсад — терилган пахта ўз вақтида қабул пунктларида тўғри сақланиши ва шаффоф тарзда агпроплатформада акс этиши лозим», — дейилади вазирлик хабарида.

Пайшанба куни интернетда Қашқадарё вилояти ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича маслаҳатчиси Ғанишер Ҳайдаровнинг пахта-тўқимачилик кластерларига йўлланган, «дислокациядан ташқари, бир-бировларининг территориясига кирмаслик» кераклиги таъкидланган аудиомурожаати тарқалган. «Иккинчидан, ҳар бир кластер эшитиб олсин, бугундан бошлаб ҳозир биржага қўйилаётган пахтани 6800 сўмдан ортиқ „урманг“. Кимда-ким 6 минг 800 сўмдан ортиқ „урса“, ўзига зиён, ўзи тўлайди. Шуни эсдан чиқарманглар. Шу учун ҳамма билиб олсин: пахтанинг харид нархи 6800 сўм. Биржада қўйилаётгани ҳам 6800 сўм, ютиб олса ҳам 6800 сўм бўлиши керак», — деди у.

Президент фармонига кўра, пахта-тўқимачилик кластерлари 1 октябрга қадар фермер хўжаликлари билан келаси йил ҳосили учун пахта хомашёси етиштириш бўйича фючерс шартномаларини тузиши шарт. Қашқадарё ҳокими маслаҳатчиси кластерларни огоҳлантирди: «Бу «нормани 7000−8000 дан, 10 минг [сўм]дан «урганларингизда», кейин ўзгартириб бўлмайди экан… Қарорни била туриб, яна 6800 [сўмга] тушаркан, десаларингиз, хато қиласизлар», — деди у.

«Газета.uz» аввал ёзганидек, февраль ойида ҳукумат фермер ва кластерлар фючерс шартномалари тузадиган 1 кг пахта учун тавсия этилган минимал нархни 7800 сўм деб эълон қилганди (айрим ҳолларда 8500 сўм). Ваҳоланки, жаҳон биржасида ўша пайтдаги нархлар 1 кг учун 6000 сўмга яқин эди. Биз нарх қандай белгиланаётгани, шартномалар шартлари фермерлар зарарига қандай қайта кўриб чиқилаётгани ва улар нима сабабдан норози эканини тушунтиргандик.