Президентнинг 24 сентябрдаги қарори билан Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Дастур қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

  • Тошкент шаҳри ҳамда ҳар бир туманининг экологик мастер-режасини ишлаб чиқиш;
  • «Шаҳар — пиёдалар учун» шиори асосида жамоат транспортига ҳар томонлама устунлик берилишини таъминлаш;
  • Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор кўчаларида автотранспорт воситаларидан ҳоли ҳудудларни ташкил этиш;
  • микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;
  • саноат корхоналарида замонавий чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш ва эскиларини алмаштириш ишларини ташкил этиш;

Ҳавони мониторинг қилишнинг замонавий тизимини ташкил этиш

Дастур доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг бошқармаларини келаси йилнинг кузида ҳаво сифати даражасини аниқлаш учун 30 та газоанализаторлар билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.

2025−2026 йилларда пойтахт учун 25 та фон мониторинги бўйича автоматлаштирилган стансия харид қилинади, улар тўлиқ шаҳар ҳудудини қамраб олади.

Келаси ёзда Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ва об-ҳаво ҳақидаги маълумотларни тезкор акс эттириш учун 20 та жойга монитор ва дисплейлар ўрнатиш режа қилинмоқда.

Келгуси икки йилда Тошкент шаҳри ва вилоятининг атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг I тоифасига мансуб бўлган корхоналарнинг санитария муҳофаза зоналарида атмосфера ҳавоси сифатини мониторинг қилиш учун автоматлаштирилган станциялар ўрнатилади.

Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг 1 ва П тоифасига мансуб бўлган саноат корхоналари атрофида «яшил белбоғ»лар барпо этилади. Хусусан, вилоятдаги 173 та саноат корхонаси ҳудуди ва туташ ҳудудларида 1,3 млн туп, пойтахтда эса 30 та корхона атрофида 300 минг туп дарахт кўчати экиш белгиланган.

Ноқулай метеорологик шароит бўйича тезкор гидрометеорологик ахборот, (шторм) огоҳлантириш берилганда йирик корхона ва ташкилотларда ишлаб чиқариш қувватларини 15−60 фоизгача вақтинча пасайтириш йўлга қўйилади (махсус ҳуқуқий режимга эга ва стратегик объектлар бундан мустасно).

Кўмир билан ишлайдиган иссиқхоналарда самарадорлиги камида 99,5 фоиз бўлган сертификатланган чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатилади.

Автотранспорт воситаларининг ҳавога таъсирини камайтириш

2025−2027 йилларда Евро-4 стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғисидан фойдаланиш ва сотишни босқичма-босқич чеклаш режалаштирилмоқда. Бунга эришиш учун Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида чуқур модернизация ишлари олиб борилиб, Евро-2 ва Евро-3 стандартидаги ёқилғиларни олиб кириш тақиқланади. Фақат 2028 йилдан бошлаб паст стандартлардаги ёқилғидан (АИ-80 бензини) фойдаланишни тақиқлаш режалаштирилмоқда. Аввалроқ АИ-80 бензинини 2025 йилдан бошлаб ишлаб чиқаришни тақиқлаш режалари ҳақида хабар берилганди.

Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти 2025−2027 йилларда босқичма-босқич фақат электр энергияси ва газ ёқилғисига ўтказилади.

Жамоат транспортининг устуворлигини таъминлаш 2025 йилга мўлжалланмоқда. Шу мақсадда, марказий шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимларининг кесишиш нуқталари сонини камайтириш, алоҳида автобус йўлларини ташкил этиш орқали тезкор автобус йўналишлари (ВЕТ) тизимини жорий этиш, чорраҳаларда автобусларнинг устувор ҳаракатини таъминлаш мақсадида йўлларни реконструкция қилиш, йўловчилар ва йўналишли таксиларнинг хавфсиз ва тўсиқсиз ҳаракатланишини ҳисобга олган ҳолда бекатларни реконструкция қилиш белгиланган.

Ҳаво сифатини яхшилаш

Аҳоли зич жойлашган ижтимоий-маданий аҳамиятга эга объектларда микроиқлим шароитларини яхшилаш, мўътадил микроиқлим, сифатли атмосфера ҳавосини таъминлаш мақсадида сунъий сув ҳавзалари ва кўллар ташкил этилади. Бунинг учун тадбиркорлик субъектлари ва хусусий бизнес вакиллари жалб этиш кўзда тутилган.

2024−2026 йилларда Тошкент вилоятида «яшил белбоғ» яратиш учун 441 гектар ер майдони ажратилиши режалаштирилмоқда.

Дарахт ва буталарга ишлов бериш бўйича Ободонлаштириш бошқармаси ходимлари малакасини оширади.

Ўз ташаббусига кўра дарахт ва буталар экиш ишларини амалга оширган юридик ва жисмоний шахсларни рағбатлантириш мақсадида мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар бериш кўзда тутилмоқда.

Худди шу қарорга мувофиқ, 2030 йилдан Тошкент шаҳар ва унга туташ Тошкент вилоятининг ҳудудларида жойлашган иситиш ва электр энергия ишлаб чиқариш корхоналарига ёқилғи сифатида мазутдан фойдаланиш тақиқланиши хабар қилинганди.

Бундан ташқари, 2025 йил куз-қиш мавсумидан бошлаб иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан мазутдан захира ёқилғи сифатида фойдаланишга фақат Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йили об-ҳаво ва технологик шароитлардан келиб чиққан ҳолда қабул қилинадиган қарори асосида рухсат этилади.

Тошкент шаҳри атрофидаги 1200 дан ортиқ иссиқхонада фойдаланилаётган кўмир ёқилғисининг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш мақсадида чангни йиғиш ва газни тозалаш ускуналари ўрнатилади. Иссиқхона хўжаликларига бундай ускунани ўрнатиш учун субсидиялар ажратилади.

Эслатиб ўтамиз, Экология вазирлиги жорий йилнинг январь ойида Тошкент шаҳри ва республиканинг бошқа ҳудудларида ҳаво сифатини яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилишини маълум қилганди.