Нью-Йорк мэри Эрик Адамс федерал коррупция тергови доирасида жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин, деб ёзади The New York Times. Шаҳар тарихида биринчи марта амалдаги ҳоким жиноий ҳуқуқбузарликлар содир этганликда айбланмоқда.

У айнан нимада айбланаётгани номаълум, чунки айблов махфийлигича қолмоқда, дея таъкидлайди газета, аммо, шуниси маълумки, прокурорлар Адамснинг 2021 йилда мэрликка номзод бўлган вақтдаги сайлов кампаниясини молиялаштириш манбаларини текширмоқда.

Тергов, хусусан, Адамс ва унинг шериклари Туркия ҳукумати билан сайлов кампанияси учун ноқонуний хайриялар олишда тил бириктиргани ёки йўқлиги, хавфсизликка оид хавотирларга қарамай, мэр Манҳеттендаги кўп қаватли Туркия бош консуллиги биносини эгаллашга рухсат бериши учун ёнғин хавфсизлиги ходимларига босим ўтказгани ёки йўқлигига эътибор қаратмоқда.

NYT манбаларига кўра, прокурорлар Адамснинг яна беш давлат — Ўзбекистон, Исроил, Хитой, Қатар ва Жанубий Корея билан алоқалари ҳақида ҳам маълумот сўраган. Нега терговчилар бу давлатлар ҳақида маълумот сўрагани ва Адамс улар билан алоқада бўлган ёки бўлмагани номаълум, деб ёзди нашр.

Терговчилар, шунингдек, Адамснинг қисман Туркия ҳукуматига тегишли бўлган Turkish Airlines авиакомпаниясидан бепул чипталар ва апгрейдлар олган бўлиши мумкинлигини текширмоқда.

25 сентябрь куни кечқурун эълон қилинган видеомурожаатида Адамс унга қарши ҳар қандай айбловлар «мутлақо ёлғон» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, у Нью-Йорк аҳолиси учун «ўз позициясида мустаҳкам турган»и сабабли терговнинг «нишони»га айланган.

«Бу адолатсизликка қарши бор кучим ва руҳим билан курашаман», — деди у ва шаҳарни бошқаришда давом этишини айтди.

  • 64 ёшли Эрик Адамс 2021 йилда Нью-Йорк мэри этиб сайланган ва шаҳарнинг 110-мэри, шунингдек, АҚШнинг йирик шаҳарларини бошқарган иккинчи қора танли бўлган. Адамс истеъфодаги полиция капитани бўлиб, у шаҳарда жиноятчиликни камайтириш ва шаҳар мэриясига профессионаллик олиб келиш ваъдалари билан кампания олиб борган.