26 сентябрь куни футзал бўйича 2024 йилги жаҳон чемпионати нимчорак финалининг навбатдаги икки ўйини бўлиб ўтди. Бухорода Осиё гиганти ҳисобланган Эрон Африка вакили Марокашни қабул қилган бўлса, Андижонда Португалия амалдаги жаҳон чемпиони сифатида Қозоғистонга қарши майдонга чиқди.

Бухородаги ўйин 4:3 ҳисобида марокашликлар ғалабаси билан тугади — Марокаш жаҳон чемпионатларида Эронни мағлуб эта олган Африканинг илк вакили бўлди.

Андижондаги баҳс эса ҳақиқий драмага айланди. Қозоқлар ўйинда биринчи бўлиб ҳисобни очди. Португалия 2-тайм бошида ҳисобни тенглаштирган бўлса-да, ўйин тугашига 14 сония қолганида Даурен Турсагулов Қозоғистонга 2:1 ҳисобида ғалаба келтирган гол муаллифига айланди.

Чорак финалда Марокаш Бразилияга қарши ўйнайди, Қозоғистон эса Аргентина — Хорватия учрашуви ғолибига қарши майдонга чиқади. Марокашнинг ўйини 29 сентябрь куни, Қозоғистонники эса 30 сентябрда бўлиб ўтади.