Баҳорда Тошкентнинг Сергели туманида пиёдани уриб юборган Kia Stinger ҳайдовчиси озод қилинди. Бу «Газета.uz» ўрганган суд қароридан келиб чиқади.

9 май куни соат 17:00 атрофида Avtotuning.uz автосервис маркази ҳудудида (аэропорт яқинида) 24 ёшли ҳайдовчи А.К. avtotuning_uz Instagram саҳифаси асосчиси 27 ёшли Д.К.ни уриб юборганди, у олган жароҳатлари туфайли шифохонага олиб кетилаётганда ҳалок бўлган.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеода иккита машина ҳайдовчилари пойга ўйнагани ва улардан бири йўлга чиқиб кетган эркакни уриб юборгани кўринган.

Воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган — одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш (муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади).

Устахона майдони. Фото: Яндекс.Харита.Устахона майдони. Фото: Яндекс.Харита.

14 август куни жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди Avtotuning.uz автосервиси ходими бўлиб ишлаётган Kia ҳайдовчисини 2 йилга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Суд қарорида қайд этилишича, ҳайдовчи бир қатор йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда 60−70 км/соат тезликда пиёдани уриб юборган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, марҳум қўшма жароҳат, бош мия очиқ жароҳати, калла гумбази ва асоси суякларининг бўлакланиб синишлари, бош мия лат ейиши, бош мия тўқимаси ва пардалари остига қон қуйилишлари, кўкрак қафаси ва қорин ёпиқ синишлари, ўпкалар лат еб ёрилишлари, ингичка ичак тутқичи лат еб ёрилиши, ўнг болдир суяклари ўрта-пастки учлигидан очиқ синишлари, чап болдир суяклари пастки учлигидан ёпиқ синишлари, бош, кўкрак қафаси орқа юзаси, ўнг кафт ва ўнг болдир соҳалари эзилиб-йиртилган яралари, бош, юз, тана, қўл ва оёқ соҳалари кўплаб тери шилинмалари каби жароҳатлар олган.

Айбланувчининг адвокати апелляция шикояти берди. Унда у биринчи инстанция суди томонидан жабрланувчи қонуний вакилининг даъвоси йўқлиги, шунингдек, айбланувчининг айбига иқрор ва қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани, оилада ягона боқувчи экани инобатга олинмаганини таъкидлаган.

Тошкент шаҳри прокуратураси бўлими бошлиғи ўринбосари М.Комилов суддан шикоятни қаноатлантирмасликни сўради.

Бироқ жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри суди судьяси Музаффар Аҳмедов раислигидаги судлов ҳайъатининг 12 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида қамоқда сақланган 4 ой 2 кун жазодан чегирилиб, ўташ учун қолган 2 йил 7 ой 28 кунлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли ҳисобланди ва 2 йил синов муддати белгиланди.

Судланувчи назорат органининг рухсатисиз Ўзбекистон ҳудудидан чиқиши тақиқланади ва яшаш ёки ўқиш жойи ўзгаргани тўғрисида хабардор қилиши, шунингдек, ички ишлар органларида рўйхатдан ўтиши шарт.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, у суд залидан озод этилди.