Россия Ташқи ишлар вазирлиги Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда синов муддатида бўлган рус тили фани ўқитувчиси ишининг биринчи кунидаёқ 6-синф ўқувчисини калтаклаган воқеага муносабат билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 25 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда журналист берган саволга жавоб берар экан, департамент бу масалани диққат билан кузатиб бораётганини айтди.

«Видео мазмуни болага нисбатан ўта хавотир ва ҳамдардлик уйғотмаслиги мумкин эмас. Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — деди у.

«Изчил чора-тадбирлар кўриш, жумладан, кўп асрлик алоқаларимизда рус тилининг қўлланилишининг фойдали таъсирини жамоатчиликка эслатиш, маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзаро бойитиш керак», — дея қўшимча қилди Мария Захарова.

У, шунингдек, «ОАВдаги материалларга ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосли бўлса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўришни сўради».

Аввалроқ, ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан суриштирув ишларини олиб бораётгани хабар қилинганди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам бу ишни қоралади. «Таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт», — деди у.

Шунингдек, Миллий тикланиш демократик партияси раиси Алишер Қодиров тарбиячи ва ўқитувчиларнинг малака даражаси ва психологик ҳолати тезкор, жиддий ва шаффоф таҳлил қилиниши кераклиги ҳақида Telegram’даги каналида пост ёзди.

«Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги рангли статистика ва жарангдор хорижий тажрибалардан олинган хулосалар билан жамоатчиликни овутиш йўлидан воз кечиб, аллақачон келажакка тузатиб бўлмас зарар бераётган тарбиячи ва ўқитувчиларни танлаш, самарали ишлаш учун шароит ва фаолиятни тўғри баҳолаш масалаларида „бақириб ётган“ муаммоларни кўриши ва ечим бериши керак», дея таъкидлади депутат.

«Газета.uz» аввалроқ интернетда вазият акс этган видео ҳақида ёзиб, унда ўзаро келишмовчиликдан сўнг ўқитувчи боланинг қулоғидан тортиб, уни қўпол равишда доска томон итариб юборгани, қолаверса, боланинг юзига уриб, томоғидан ушлаб олгани ҳақида хабар қилганди.

Ёзувда (видеодаги овоз сифати паст бўлгани учун гаплар аниқ эшитилмаган) ўқитувчининг «Ўзбек ёки рус тилидами? Қўлингни тушир… Тарбиясиз. Тушундингми? Қўлингни тушир… Устоз билан тўғри гаплаш… Тарбиясиз, эшак…» деган гапларини эшитиш мумкин.

Ундан сўнг боланинг онаси Facebook`да пост эълон қилиб, унда устоз билан бўлган можаро бола ўқитувчидан дарсни ўзбек тилида эмас, рус тилида ўқитишни сўрагани сабабли юзага келганини айтди. Кейинроқ пост ўчириб ташланди.