Алишер Қурбонов Сурхондарё вилояти Музработ туманига ҳоким этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

25 сентябрь куни бўлиб ўтган халқ депутатлари Музработ тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этиб, Музработ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.

Вилоят раҳбари шу вақтга қадар туман ҳокими вазифасида ишлаб келган Абдурашид Исмаилов (2023 йил январида тайинланган) бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилганини билдириб, Алишер Қурбонов номзодини таклиф қилди. Номзод депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Алишер Қурбонов 1973 йилда Музработ туманида туғилган. 1995 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтини, 2005 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — иқтисодчи-ташкилотчи, юриспруденция.

Фаолияти давомида ички ишлар органларида турли лавозимларда ҳамда хусусий секторда меҳнат қилган. Тайинловга қадар Қурбонов «Амирқулбобо КАА» фермер хўжалиги раҳбари бўлиб фаолият юритиб келаётган эди.

Шу куни Сурхондарёнинг Шўрчи туманига, шунингдек, Мирзо Улуғбек ва Шайхонтоҳур туманларига ҳам янги ҳокимлар тайинланганди.