Янги Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўз ичига олган мажмуа жаҳонга машҳур Zaha Hadid Architects компанияси томонидан лойиҳалаштирилган. Бу ҳақда 26 сентябрь куни Шавкат Мирзиёевга тақдимотда сўз юритилди.

«Бўлажак мажмуа ўзига хос дизайни ва функционаллиги билан диққатга сазовор. Унда эстетика ва қулайлик моҳирона бирлаштирилиб, атроф-муҳит билан уйғунлик ҳосил қилади», — деб ёзди давлат раҳбари матбуот хизмати.

zaha hadid architects, янги тошкент

«Шу жиҳатлари билан мажмуа келгусида халқаро туризм масканларидан бирига айланади», — дейилади хабарда.

Апрель ойи бошида Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги илк объектлар: «Янги Ўзбекистон» университети ва Тошкент давлат педагогика университетининг кампуслари, Миллий кутубхона, Миллий театр, шунингдек, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази, ижод мактаби, Адабиёт музейи ва Миллий мақом марказини ўзида жамлаган «маънавият мажмуаси» қурилишига старт берганди.

«Янги шаҳар қурилиши илм-фан, маънавият масканларидан бошланаётгани бежиз эмас. Булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади», — деганди у ўшанда.

Zaha Hadid Architects компанияси таниқли архитектор Заҳа Ҳадид томонидан 1979 йилда асос солинган, бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Компания деярли 45 мамлакатда 1000 га яқин лойиҳани амалга оширган. Энг машҳур лойиҳалар қаторига Бокудаги Ҳайдар Алиев маркази, Римдаги XXI аср санъати миллий музейи (MAXXI), 2012 йилги Олимпия ўйинлари учун Лондон сув спорти маркази, Цинциннатидаги Розенталь замонавий санъат маркази, Гуанчжоу опера театри ва бошқалар киради. 2016 йилда Заҳа Ҳадид вафот этганидан бери бюрони унинг шериги Патрик Шумахер бошқариб келмоқда.

Тақдимотда пойтахт ҳокими ўринбосари Шароф Раҳмонов президентга Чирчиқ дарёси соҳилининг «эски» ва Янги Тошкент оралиғидаги қарийб 6 километрлик қисмида дам олиш ҳудуди ташкил этиш лойиҳасини тақдим этди.

«Ўзбекистон 24» канали кўрсатуви кадри.«Ўзбекистон 24» канали кўрсатуви кадри.

«Янги Тошкент учун яна бир салоҳиятли гўша» бўлган Чирчиқ қирғоғи ободонлаштирилади ва кўкаламзорлаштирилади, меҳмонхоналар, соғломлаштириш ва кўнгилочар масканлар қурилади, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.