25 сентябрь куни ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) Ўзбекистонда 27 октябрга белгиланган парламент сайловини кузатиш бўйича миссиясини бошлади. Бу ҳақда ташкилот сайтида хабар берилди.

Миссияга Дуглас Вейк бошчилик қилади. Унинг таркибига Тошкентда жойлашган 14 нафар халқаро экспертдан иборат асосий гуруҳ ва 2 октябрдан бутун мамлакат бўйлаб жойлаштириладиган 26 нафар узоқ муддатли кузатувчилар киради. Шунингдек, сайлов кунидан бир неча кун олдин 300 нафар қисқа муддатли кузатувчилар ҳам келади.

«Миссия сайловларнинг ЕХҲТ ва бошқа халқаро мажбуриятларга ва демократик сайловлар стандартларига, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди», — дейилади хабарда.

«Кузатувчилар сайловнинг барча жабҳалари, жумладан, сайловдан олдинги ва кейинги воқеаларни диққат билан кузатиб боради. Айнан ҳуқуқий базани ҳаётга тадбиқ этиш, сайловолди ташвиқотнинг ижтимоий тармоқларда ёритиб берилиши, барча даражадаги сайлов бошқаруви органларининг фаолияти, сайловдаги низоларни ҳал этиш ва оммавий ахборот воситаларида ёритиш масалаларига алоҳида эътибор берилади», — дея таъкидлади ДИИҲБ.

Миссия сайловнинг эртасига дастлабки хулосаларни тақдим этади. Якуний ҳисобот бир неча ой ичида эълон қилинади.