Ўзбекистонда давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси ишлаб чиқилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 23 сентябрдаги қарорида назарда тутилган.

Ҳужжат билан концепция лойиҳасини ишлаб чиқадиган ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланади. Унга бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров бошчилик қилади. Гуруҳ таркибига унинг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Президент ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги директори Баҳодир Раҳматов ва бошқа вазирлик ва идоралар ўринбосарлари ҳам киради. Шунингдек, Халқаро валюта жамғармаси, Осиё тараққиёт банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари жалб этилади.

пенсия ёши

Ишчи гуруҳ амалдаги пенсия тизимидаги мавжуд муаммоларни таҳлил қилиб, унинг барқарорлигини таъминлаш ва илғор хорижий тажриба асосида ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлайди.

2025 йил 1 мартга қадар пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиб, Президент администрациясига тақдим этиш топширилди.

Бунда ишчи гуруҳ концепция лойиҳаси бўйича тайёрланаётган таклифлар моҳиятини ОАВ ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг ёритиши, шунингдек, сўровномалар ўтказиши лозим.

2023 йил апрель ойида Жаҳон банки «Ўзбекистонда инсон капитали ва сув хўжалиги инфратузилмасига давлат харажатлари самарадорлигини ошириш» ҳисоботида мамлакатга пенсия ёшини оширишни таклиф қилган эди.

Ҳисоботда таъкидлашича, қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб уни амалга ошириш бошлангунга қадар пенсия ёшидаги ходимларга ўз ҳаёт режаларини ўзгартиришлари учун мослашиш учун вақт бериш мақсадга мувофиқдир.

«2021−2030 йилларга мўлжалланган ижтимоий ҳимоя миллий стратегияси доирасида 2025 йилдан бошлаб пенсия ёшини 65 ёшгача босқичма-босқич (йилига 3−4 ой) оширишни назарда тутувчи қарор қабул қилиш энг мақбул вариант бўларди. Келгусида бу демографик ўзгаришлар босимини камайтирган ҳолда меҳнатга лаёқатлилик ва пенсия ёши ўртасидаги чегарани босқичма-босқич силжитишга имкон беради. Мамлакат учун буни ишчи кучининг демографик ўсиш салоҳияти тугамагунча (2040 йилларнинг ўрталари) амалга оширишга улгуриш жуда муҳим, чунки бу аллақачон миллий рақобатбардошлик масаласидир», — дея таъкидлади Жаҳон банки.

пенсия ёшипенсия ёши

Қайд этилишича, қўшни давлатларда туғилиш ва пенсия ёши кўрсаткичлари анча юқори бўлиб, бу уларга «баъзи афзалликлар беради». Узоқ муддатли истиқболда пенсия ёшини ошириш пенсия тизими ва давлат молиясининг молиявий барқарорлигини таъминлашга ёрдам беради, дея таъкидлади Жаҳон банки.

2024 йилнинг июль ойида Стратегик ислоҳотлар агентлиги норасмий бандлик юқорилиги сабабли Ўзбекистонда пенсия тизими қамрови атиги 38 фоизни ташкил этишини маълум қилган эди. Бошқа мамлакатларга нисбатан бадаллар юқори даражада (12−25 фоиз) бўлса, тўловлар ўртача даражада бўлади. Ўшанда агентлик мамлакат пенсия тизимини адекват қилиш йўлларини ўрганган эди.