Ўзбекистонда 2024 йилнинг май ойидан 20 сентябрига қадар 19 минг нафар фуқарога протез ва реабилитация техник воситалари учун 32,5 млрд сўм субсидия ажратилди. Бу ҳақда 23 сентябрь куни Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги масъуллари иштирокида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Агентлик бош мутахассиси Илҳом Муҳиддиновнинг қайд этишича, президентнинг 2024 йил 27 февралдаги тегишли қарори қабул қилингач, ногиронлиги бўлган ва ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахслар тегишли протез-ортопедия мосламалари ҳамда реабилитация қилишнинг техник воситалари билан бепул таъминланмоқда. Ҳозирда протез ва реабилитация воситалари электрон ваучерлар орқали берилмоқда.

ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, ижтимоий ҳимоя ягона реестри, протез-ортопедия мосламалари, протезлар

Фото: Видеодан кадр

«Олдин маҳсулотга эҳтиёжи бор фуқарога фақат қоғоз, яъни сертификат бериларди. У қаерга мурожаат қилишини билмасди ёки ўзига керакли маҳсулотни олиши чўзилиб кетарди, тадбиркорлар билан муносабатларда ҳам жуда қийналарди. 2024 йилда агентликнинг ягона миллий ахборот тизими ишлаб чиқилиб, унга асосан, электрон ваучерлар шакллантириш тизими ташкил қилинди. Яъни тиббий ижтимоий экспертиза комиссиялари ногиронликни белгилаётган вақтида фуқаронинг қайси маҳсулотга муҳтожлигини ҳам қайд этади. Пенсия ёшидаги шахсларга эса қандай маҳсулот кераклигини тиббий маслаҳат комиссиялари (ТМЭК) белгилайди. Уларнинг хулосаларига асосан, электрон ваучерлар шакллантирилмоқда. Ваучерда ҳар бир маҳсулотга ажратилган давлат субсидияси миқдори, яъни маблағи кўрсатилган бўлади. Сўнг фуқаронинг доимий равишда ишлатадиган шахсий телефон рақамига электрон ваучер юборилмоқда», — деди Муҳиддинов.

Унинг таъкидлашича, фуқаро уйидан ёки истаган жойидан туриб, протез-ортопедия мосламаларини агентликнинг ягона миллий ахборот тизимида ташкил этилган платформа орқали буюртма бериши мумкин. Реабилитация воситаларини эса электрон савдо майдончалари, хусусан, Uzum маркет орқали буюртма қилиш имконияти йўлга қўйилди. «Агар фуқаролар маҳсулот буюртма қилишда қандайдир тушунмовчиликларга дуч келса, яшаш маҳалласидаги ижтимоий ходимга ёки ўз тумани (шаҳри)даги „Инсон“ марказига мурожаат қилса, у ердаги операторлар албатта, ёрдам кўрсатади», — дея қўшимча қилди у.

Илҳом Муҳиддиновнинг сўзларига кўра, ногиронлиги бўлган ва ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларга бериладиган маҳсулотлар тури 18 тадан 30 тага кўпайтирилди.

«Масалан, муҳтож шахслар Озарбайжонда 57 турдаги, Россияда 64 турдаги, Беларусда 59 турдаги ва Қозоғистонда 60 турдаги воситалар билан таъминланади. Бизда эса аввал 18 та эди, ҳозирда 30 тагача кенгайтирилди. Келгусида буни янада кенгайтириш режалаштирилган. 30 турдаги маҳсулотлар ичига электр юритмали кресло-аравача, овозли термометр ва тонометр, брайл алифбоси, вело кресло-аравача, юриш мосламаси (роллатор), тўрт оёқли ҳасса, кўз протези каби керакли воситалар қўшилди, чунки айнан шуларга эҳтиёж жуда катта эди», — деди агентлик расмийси.

Унга кўра, воситаларнинг барчаси фуқароларга бепул берилмоқда — бунинг учун давлат бюджетидан субсидия ажратиляпти. «Мисол учун, олдин битта сон протези учун 2−3 млн сўм ажратилган. Бугунги кунга келиб эса ажратиладиган маблағ миқдорини 15 млн сўмдан 31 млн сўмгача оширдик. Ривожланган давлатларда протез мосламалари қандай берилаётган бўлса, бизда ҳам ҳудди шундай тақдим этиш тизими йўлга қўйилди», — деди у.

Илҳом Муҳиддиновнинг «Газета.uz» мухбирига айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 90 га яқин протез ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субьектлари фаолият юритмоқда. Улар агентликнинг ягона миллий ахборот тизимидан рўйхатдан ўтган ва 500 га яқин маҳсулотини платформага жойлаштирган. Фуқаролар ўзига маъқул келган воситаларни танлаб, харид қилмоқда.

«2024 йилнинг май ойидан 20 сентябригача 45 мингга яқин электрон ваучер шакллантирилди. Шундан, 19 минг фуқаро ўз ваучеридан фойдаланиб, керакли маҳсулотини қўлига олди. Бу маҳсулотлар учун эса 32,5 млрд сўм маблағ тадбиркорларга ўтказиб берилди. Қолган ваучерлар бўйича маҳсулотлар етказиб бериш жараёни кетмоқда. Бизда бу рақамлар ҳар куни ўзгариб, ўсиб боряпти», — деди Муҳиддинов.

Унинг қайд этишича, протез ва реабилитация воситаларини олган ҳамда бошқа ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятга интеграциясини таъминлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Фуқаро тегишли маҳсулотни олганидан сўнг унинг бандлигини таъминлаш, таълим, касб ва спортга йўналтириш орқали жамиятнинг фаол аъзосига айланишида кўмаклашиш ҳам асосий мақсадимиз ҳисобланади», — дея қўшимча қилди агентлик вакили.