25 сентябрь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда (МEТҲ) олиб борилаётган ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, вазирлик тизимида бугунги кунда 24 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар фаолият юритади. Хусусан, улардан 12 таси миллий табиат боғи, 7 таси давлат қўриқхонаси, 1 таси давлат биосфера қўриқхонаси, 2 таси давлат буюртма қўриқхонаси, 1 таси биосфера резервати, 1 таси питомникдан иборат бўлиб, умумий ер майдони 5,8 млн гектарни ташкил этади.

Йиғилишда экология вазири ўринбосари Искандар Қутбиддинов айрим табиат боғларининг зоналарга ажратиш ишлари якунига етказилмагани, ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани, ўсимлик дунёсига доир кадастр китоблари умуман шакллантирилмагани ҳамда кадастр китоби учун ҳайвонот дунёси турлари рўйхати яратилмаганини танқид қилди.

Бундан ташқари, малака талабларига жавоб бермайдиган ўрта маълумотли ходимлар қўриқлаш ходими сифатида ишга қабул қилинган, маблағлар ноқонуний ўзлаштирилган.

экология вазирлиги, қўриқхоналар

Фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани, ўз ишига совуққонлик билан ёндашгани, ишни лозим даражада ташкил этмагани учун Нурота давлат қўриқхонаси, «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи, «Судоче-Акпетки» буюртма қўриқхонаси ва Бухоро ихтисослаштирилган «Жайрон» питомниги раҳбарлари лавозимидан озод этилди.

Нурота давлат қўриқхонаси ходимлар бўйича инспектори ва «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғи Илмий ишлар ва экологик таълим бўйича директор ўринбосарига «ҳайфсан» интизомий жазо чоралари қўлланилди. Қолаверса, Боботоғ, Оролқум, Омонқўтон, Зарафшон, Марказий Қизилқум ва Оролбўйи миллий табиат боғлари раҳбарларига ўз фаолиятида кескин ўзгариш қилиш шарти билан 3 ой синов муддати берилди.

Йиғилишда МEТҲда қўриқлаш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва мониторинг юритилиши самарадорлигини ошириш, браконерликка қарши курашиш, чорва молларининг ноқонуний боқилишини ва маҳаллий аҳоли томонидан қўриқхона ерларининг ўзлаштирилишини олдини олиш ҳамда экотуризмни ривожлантиришга белгиланган тартибда шароит яратиш асосий вазифа бўлиши кераклиги қайд этилди.

Шу билан бирга, йил якунига қадар:

  • МEТҲ майдонларини 14,2 фоизгача кенгайтириш
  • 23,8 минг гектардан иборат «Фарғона» миллий табиат боғини ташкил этиш
  • «Поп» миллий табиат боғини 35 минг гектарга кенгайтириш
  • туман ва шаҳарларда табиат музейларини ташкил қилишни назарда тутувчи дастур ишлаб чиқиш
  • давлат қўриқхоналари буфер зоналари, миллий табиат боғлари, питомниклар, ўрмон хўжаликлари ҳудудига кириш учун тўлов ундириш миқдори, тартибини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.