26 сентябрь куни Олмазор туманининг Беруний метро бекати яқинида автобусда соғлиғи ёмонлашган йўловчи кўчада вафот этди. «Тошшаҳартрансхизмат» матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, фуқаро даставвал 18-автобус саройи тасарруфидаги автобусда ўзини ёмон ҳис қила бошлаган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда гўёки пиёда автобус уриб юборгани оқибатида вафот этгани айтилади.

Ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси эса буни инкор қилди. Келтирилишича, воқеа кундузи тахминан соат 11:20 ларда содир бўлган. Метро бекати ёнида турган автобус ичида 63 ёшли йўловчининг соғлиғи ёмонлашган. Йўловчи ҳаво етишмагани сабабли автобусдан ташқарига олиб чиқилган ва унга тез тиббий ёрдам чақирилган.

Бироқ тез ёрдам машинаси етиб келгунига қадар йўловчи вафот этган. ЙҲХБ мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказилаётганини маълум қилди.