Ўзбекистонда Аи-80 русумли бензиндан фойдаланишни тақиқлаш санаси қолдирилди. Бу Шавкат Мирзиёевнинг 24 сентябрдаги чанг бўронларига қарши курашиш ва ҳаво сифатини яхшилаш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги қароридан келиб чиқади.

Қарор билан тасдиқланган Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 2028 йилдан бошлаб экологик тоифаси «Евро-4» стандартидан паст бўлган автомобиль ёқилғисидан фойдаланиш ва сотиш босқичма-босқич чекланади. Январь ойи охирида президент бош вазирга 2025 йилдан бошлаб Аи-80 дан («Евро-2» стандарти) тўлиқ воз кечиш масаласини ҳал қилишни топширганди.

«Газета.uz» режалар ўзгаргани ҳақида бир кун аввал ёзган эди. Янги қарор билан 2025−2027 йилларда «Евро-4»дан паст стандартдаги ёқилғини сотишни босқичма-босқич тўхтатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бунга эришиш учун Аи-80 ишлаб чиқарувчи Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларида чуқур модернизация амалга оширилади, «Евро-2» ва «Евро-3» стандартидаги ёқилғиларни олиб кириш тақиқланади.

«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати «Газета.uz»га модернизация қилиш вақт талаб этишини тасдиқлади.

«Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида „Евро-4“ ва ундан юқори бензинга ўтиш учун вақт керак. Йил охиригача лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилади ва шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш учун 30−32 ой вақт кетади», — дейилади компания хабарида.

«Шу билан бирга, 2025 йилдан бошлаб Аи-92 бензинини ишлаб чиқариш ҳар ой ошиб боради. Аи-92 бензини ишлаб чиқаришга тўлиқ ўтиш босқичма-босқич амалга оширилади», — таъкидлади «Ўзбекнефтгаз».

Бугунги кунда дунёда Аи-80 ёқилғиси фақат Ўзбекистон ва Афғонистонда ишлаб чиқарилади.

Январь ойи бошида Энергетика вазирлиги «Газета.uz»га Аи-92 ва ундан юқори турдаги бензин ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали 2026 йил охиригача Аи-80 бензинидан воз кечиш режалари ҳақида маълум қилган эди. Шу билан бирга, юқори октанли бензин маркаларига акциз солиғи ставкаларини камайтириш таклиф қилинган.

Аи-80 бензини таркибида олтингугурт улуши 0,5% дан ошмаслиги керак, «Евро-5» стандартида эса бу кўрсаткич 500 баравар кам — 0,001%. «Евро-2»да бензолнинг улуши 5% дан, «Евро-5»да эса 1% дан ошмаслиги керак. «Евро-5»да ёниш пайтида ароматик моддаларнинг улуши 35% дан, олефин углеводородларининг улуши эса 18% дан ошмаслиги керак. «Евро-2»да бундай талаб йўқ.

Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларини «Евро-5» ва «Евро-6» бензинлари ишлаб чиқаришга ўтказиш бўйича дастурлар бир неча йилга чўзилиб кетган энергия тарифларининг ошиши туфайли кечиктирилган ҳолда амалга оширилади, дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Дастлаб БНҚИЗни модернизация қилиш ва «Евро-5» стандартига ўтиш 2025 йил охиригача якунланиши режалаштирилган эди. Бу ерда изомеризация қурилмалари қурилади. ФНҚИЗни модернизация қилиш 2025 йилда якунланиши ва гидрокрекинг жараёнини бошлаш режалаштирилган.

Энергетика ва Экология вазирликлари таклиф этган бензинга бўлган талабни камайтириш чора-тадбирлари қаторида электромобилларни оммалаштириш ва улар учун инфратузилмани яратиш, жамоат транспортини ривожлантириш ва бошқалар мавжуд.