26 сентябрь куни тунда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида бир-бирига туташ бир нечта ҳовли уйларда ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.

Соат 22:23 да Чинор маҳалласи Ширмонбулоқ кўчасида жойлашган уйларда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида ФВБга хабар тушган. Шунга кўра, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 22:30 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғин соат 23:10 да қуршаб олинган ва соат 23:55 да ўчирилган.

Ҳолат оқибатида 2 та уйнинг тахминан 150 кв. м. майдонида том ва ички қисми ёниб зарарланган.

Ёнғинни бартараф этишга 4 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 3 та сув ташувчи автоулов жалб этилган.

Ҳодиса оқибатида жароҳат олган ва вафот этган фуқаролар тўғрисида хабар келиб тушмади.

Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.