Асли ўзбекистонлик, ЕТТБнинг Озарбайжондаги ваколатхонасининг собиқ раҳбари, ватанида кўплаб ижтимоий лойиҳаларни амалга оширган жамоат арбоби Камола Махмудова узоқ давом этган хасталикдан сўнг Лондонда вафот этди.

Камола Махмудова — «Газета.uz»нинг «Хориждаги ўзбекистонликлар» лойиҳаси қаҳрамонларидан бири. Икки йил аввал эълон қилинган интервьюсида у ҳаёти, банкдаги карьераси, оиласи ва кўплаб хайрия лойиҳалари, жумладан, Khan Academy таълим платформасини ўзбек тилида ишлаб чиқишга кўмаклашиш, саратон касаллигига чалинган болаларга ёрдам бериш ва Бухорода кўчат экиш ишлари ҳақида сўзлаб берган. 2020 йилда Шавкат Мирзиёев уни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаганди.

«Лондонда яшаб, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишимга жисмоний чегаралар тўсқинлик қилмайди. Бухорода дарахт экиш, Нукусда кислород станцияларини қуриш, Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида болаларга математикани ўргатиш мумкин. Географик жиҳатдан қаерда эканлигингиз муҳим эмас. Асосийси, юрагингиз Ўзбекистонда бўлсин», — деганди у интервьюда.

«Бу Ўзбекистон учун катта йўқотиш. Ўзининг қисқа умрида у ҳатто Лондон ва Озарбайжонда яшаб туриб ҳам ватан учун жуда кўп иш қилди», — деб ёзди интервью муаллифи, ҳозирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Жаҳонгир Азимов.

Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси, ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари, Ўзбекистоннинг Бельгия, Буюк Британия ва бошқа мамлакатлардаги элчиси, профессор Алишер Файзуллаев шундай таъкидлади: «Ишониш қийин, бу шок, бу бутун ўзбеклар ва ўзбекистонликлар учун катта йўқотиш. У ўзининг қисқа умри давомида жуда кўп ютуқларга эришди, Ўзбекистон учун, ўзбек маданиятининг Буюк Британия ва бутун дунёда кенг тарғиб қилиниши учун кўп ишлар қилди».

«Европа тикланиш ва тараққиёт банкида катта лавозимларда ишлади ва доим Ўзбекистонга ва ўзбекистонликларга ёрдам берди. Лондонда Ўзбекистон маданияти кунларини уюштирган асосий шахлардан бири эди… У жуда ёрқин, кўп қиррали, ғайратли, кўнгли очиқ ва камтарин шахс эди. Узоқ масофага югуриш, йога ва қадимги Шарқ фалсафасига қизиқарди. Унда ҳар доим қизиқ ғоялар, режалар ва лойиҳалар кўп бўларди. У ҳаётимда учратган энг ёрқин шахслардан бири эди», — деб ёзади Алишер Файзуллаев.

Камола Махмудованинг дафн маросими 27 сентябрь куни Лондонда бўлиб ўтади.

«O‘zbekistonlik» фильмининг хорижда муваффақият қозонган ўзбеклар ҳақидаги эпизодларидан бири Камола Махмудовага бағишланган.