Хива темирйўл вокзали яқинида 450 метр узунликдаги ерости йўл ўтказгичи қурилади. Бу ҳақда 26 сентябрь куни президентга тақдим этилган лойиҳалар тақдимотида сўз борди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, бу йўл «транспортлар қатновини алоҳида ташкил этиш имконини беради, вокзал ва „Ичан қалъа“ ўртасида пиёдалар хавфсиз ҳаракатланади».

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов вокзал яқинидаги хиёбонни сақлаб қолган ҳолда янги йўл қурилишини маълум қилди.

«Хива шаҳрида илгари қурилган замонавий темирйўл вокзал ёнида катта аллея барпо этилган эди. Бунинг натижасида шаҳарнинг шимолий ва жанубий қисмлари ажралиб қолганди. [Президент] транспорт воситаларида ҳаракатланувчи аҳолига қулайлик яратишни таъминлаш ҳамда шаҳар икки қисмга ажралиб қолганининг ҳисобига юзага келган ноқулайликларни бартараф этиш бўйича топшириқ бергандилар. Бугун шаҳар вокзал олдида барпо этилган, Хиванинг қадимий қалъалари билан боғланиб кетган аллеяни сақлаб қолган ҳолда ерости йўли қуриш бўйича тақдимотимизни маъқулладилар», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбари ушбу лойиҳани 2025 йилдан бошлаш бўйича топшириқ берган.

«Бу ерости йўли маданий мерос объектларига умуман зарар етказмайди. Йўлнинг узунлиги 450 метр — 50 метри ёпиқ, 400 метри очиқ галерея шаклида қурилади», — деди Турсунов.

Аввалроқ Хоразм вилояти туризм бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азамат Хўжаев Хива шаҳрида Khiva city деб номланган туризм маркази қурилишини, бунинг учун вокзалнинг орқа томонидаги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдон таклиф этилаётганини маълум қилганди.

2021 йил декабрь ойида Хоразм вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Урганч шаҳри марказида Ал-Хоразмий ва Ислом Каримов кўчалари ҳудудида 500 метрлик янги туннель фойдаланишга топширилганди.