Сурхондарёда Lacetti газ қувурига келиб урилиши оқибатида газ сизиб чиққан ва 915 та хонадон таъминотдан вақтинча узиб қўйилган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2024 йил 24 сентябрь куни соат 21:40 да Музработ туманида ҳаракатланаётган Lacetti ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл четига чиқиб кетган ва диаметри 219 мм бўлган газ қувурига келиб урилган.

Оқибатда, қувурдан газ сизиб чиққан ва ҳолатни бартараф этиш учун 915 та хонадонга газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилган.

Ушбу носозликни бартараф қилиш учун ҳудудга махсус бригада жалб этилган ва авария оқибатлари 25 сентябр куни соат 18:11 да тўлиқ бартараф қилинган. Истеъмолчиларга табиий газ етказиб бериш жараёни босқичма-босқич тикланган.

Ҳайдовчининг аҳволи ва ЙТҲнинг бошқа тафсилотлари келтирилмаган.