Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов россиялик ҳамкасби билан Нью-Йоркда учрашди. Бу ҳақда вазир ўз Telegram каналида хабар қилди.

Вазир стратегик шерикликнинг долзарб мавзулари, шунингдек, бўлажак олий ва юқори даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш юзасидан атрофлича суҳбат ўтказилганини таъкидлади.

Шунингдек, учрашувда давлатлар бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қилиш муҳимлигини таъкидланган. «Биз иттифоқчилик руҳидаги доимий мулоқотимизни давом эттиришга келишиб олдик», — дейди вазир.

Бу баёнот Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчини ургани юзасидан Россия ТИВ муносабат билдиргани фонида янграмоқда. Ҳолат бўйича Россия тарафи Ўзбекистондан «расмий тушунтириш» сўраганди.

Нима бўлганди?

23 сентябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда синов муддатида бўлган ўқитувчи дарс вақтида ўқувчини калтаклагани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Тошкент шаҳри мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Видеода ўқитувчи қўлида дафтар тутган ўқувчи билан низоли суҳбатдан сўнг уни уриб, доска томонга итариб юборгани кўринади. Устознинг болани калтаклаши бундан сўнг ҳам давом этган ва якунда ўқувчини жойига ўтиришга ундаган.

Вазиятни таълим бошқармаси ўрганиб чиққанда, воқеа иккинчи сменада ўқийдиган 6-«В» синфида рус тили фани дарсида бўлганини аниқланган.

Боланинг онаси Facebook’даги гуруҳда ўқитувчи дарсни ўзбек тилида ўтгани, ўқувчи эса ундан рус тили дарсини рус тилида ўтишини сўраганини ҳақида пост ёзди. Пост кейин ўчирилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова 25 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда журналист берган саволга жавоб берар экан, департамент бу масалани диққат билан кузатиб бораётганини айтди.

«Видео мазмуни болага нисбатан ўта хавотир ва ҳамдардлик уйғотмаслиги мумкин эмас. Биз Ўзбекистон томонидан расмий тушунтириш сўрадик. Икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган дўстона муносабатларда ҳеч қандай адоватга, айниқса, тил масаласида ўрин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас», — деди у.

«Изчил чора-тадбирлар кўриш, жумладан, кўп асрлик алоқаларимизда рус тилининг қўлланилишининг фойдали таъсирини жамоатчиликка эслатиш, маданий-маърифий, илмий ва ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ўзаро бойитиш керак», — дея қўшимча қилди Мария Захарова.

У, шунингдек, «ОАВдаги материалларга ҳуқуқий баҳо бериш ва агар асосли бўлса, болаларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга нисбатан зудлик билан чора кўришни сўради».

Бунга Миллий тикланиш партияси раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров муносабат билдириб, Россия ўз ички иши билан шуғулланиши тўғри бўлишини таъкидлаганди.

Унинг қайд этишича, бола ҳуқуқи Ўзбекистоннинг мактабида, Ўзбекистон фуқаросининг боласига нисбатан бузилди ва чораси Ўзбекистон халқи номидан қабул қилинган қонунлар асосида кўрилади.

«Бизни ички ишларимиз ҳақида бош қотиргунча муаммоларга тўла ўзларининг ишлари билан шуғулланишса, тўғри бўлар эди. Текис жойда тўполондан фойда чиқмаслигини тушуниб етишди деган хулосага эртароқ шекилли», — деди Қодиров.

Аввалроқ, ҳолат бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари воқеа юзасидан суриштирув ишларини олиб бораётгани хабар қилинганди. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам бу ишни қоралади. «Таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт», — деди у.