Дунё бўйлаб болалар ва ўсмирларнинг учдан бир қисмидан кўпи ҳозир узоқни кўра олмасликдан азият чекмоқда, 2050 йилга келиб эса глобал миопия билан касалланиш 740 миллион ҳолатдан ошади, деб ёзади CNN British Journal of Ophthalmology журналида чоп этилган кенг кўламли тадқиқот натижаларига таяниб.

Гуанчжоудаги Сун Ятсен номидаги Чжуншань университети олимлари томонидан ўтказилган таҳлил шуни кўрсатдики, сўнгги 30 йил ичида миопиянинг тарқалиши сезиларли даражада ошди: 1990−2000 йилларда миопия 24% болалар ва ўсмирларда қайд этилган бўлса, 2020−2023 йилларга келиб бу кўрсаткич деярли 36% гача ошди.

Олимлар олти қитъанинг 50 мамлакатидан 5 миллиондан ортиқ болалар ва ўсмирлар иштирокида ўтказилган 276 та тадқиқот маълумотларини таҳлил қилиб, шундай хулосага келишди.

Миопия тарқалишининг сезиларли ўсиши COVID-19 пандемиясидан кейин содир бўлди, дейилади тадқиқотда. Бу тоза ҳавода фаолликнинг камайиши ва қурилмалар экрани қаршисида ўтказилган вақтнинг кўпайиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Олимлар миопиянинг пайдо бўлишида географик омилларга ҳам ишора қилишади: у Осиёда кўпроқ учрайди. Шарқий ёки Жанубий Осиёлик болаларда узоқни кўра олмаслик ҳаётнинг дастлабки босқичларида ривожланади. «Таълим давомийлиги ва миопиянинг пайдо бўлиши ўртасидаги боғлиқлик аниқланди, бу Шарқий Осиёнинг баъзи мамлакатларида расмий таълимнинг эрта бошланиши потенциал омил бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини тахмин қилишга асос бўлади», — дейилади тадқиқотда.

Олимлар мисол тариқасида Сингапур ва Гонконгни келтиришмоқда, у ерда болалар таълимни 2−3 ёшдан бошлайди. «Кичик ёшда таълим амалиётлари билан эртароқ танишиш болаликда миопия билан касалланишга таъсир қилиши мумкин,» — дейди тадқиқотчилар.

Аксарият болалар 6−8 ёшда мактабга борадиган Африкада миопия Осиёга қараганда етти баравар кам учрайди.

Маълумотлар мавжуд бўлган мамлакатлар орасида энг ёмон кўрсаткичлар Япония ва Жанубий Кореяда кузатилиб, уларда мос равишда 85 фоиз ва 74 фоиз болалар миопиядан азият чекади. Улардан кейин 46 фоиз билан Россия туради.

Узоқни кўра олмасликнинг энг паст даражаси — тахминан 1 фоиз — Парагвай ва Угандада. Буюк Британия, АҚШ ва Германияда бу кўрсаткич 15 фоиз дан 20 фоиз гача ўзгариб туради.