Лондондаги Британия музейида Silk Roads («Ипак йўллари») номли кўргазма очилди. Унга дунёнинг 29 та коллекциясидан 300 дан ортиқ буюмлар киритилган. Кўргазма милодий 500 дан 1000 йилгача бўлган даврда Ипак йўли бўйлаб одамлар, объектлар ва ғоялар ҳаракати маданият ва тарихнинг шаклланишига қандай хизмат қилганини очиб беради, деб хабар қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати.

Silk Roads кўргазмаси фонднинг дунёга машҳур музей билан илк ҳамкорлиги бўлди. Унга тайёргарлик Ўзбекистон архивлари билан уч йил давом этди.

Ўзбекистондан 14 та артефакт Буюк Британияда илк бор намойиш этилмоқда. Улар орасида — Афросиёб, Варахша ва Кофир-Қалъа қалъасидаги сарой паннолари; Самарқанд вилоятидаги уй-рўзғор буюмлари ва дунёдаги энг қадимий шахмат тўпламлари; қопқоқли оссуарий, сўғд ёзувлари туширилган кумуш товоқ ва бошқа қимматбаҳо топилмалар бор.

Кўргазмада Афросиёбдаги VII асрга оид «Элчилар зали»дан 1965 йилда йўл ишлари чоғида тасодифан топилган расм парчаси тақдим этилган.

«Панно ўзининг катталиги билан ҳайратланарли — у 11×11 метр ўлчамдаги одамларни қабул қилиш учун катта квадрат залнинг тўртта деворини безатган. Тадқиқотчилар бу бино қирол Вархуманнинг қароргоҳи бўлган деган фикрга қўшилади», — дея маълум қилди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Зал деворларида бир қанча давлатларнинг элчилари тасвирланган: Хитой, Корея ва Ҳиндистон. Жанубий деворда Самарқанд ва Сўғд дунёси тасвирланган: Наврўз байрамида аждодлар шарафига ўтказиладиган диний дафн маросими. Кўргазмада рангларнинг ёрқинлигини энг яхши сақлаб қолган залнинг жанубий девори тақдим этилди.

«Мазкур кўргазмада Ўзбекистондаги музей коллекцияларидан бой тарихий ва маданий меросимизни намойиш этувчи нодир ва қимматли ашёлар намойиш этилмоқда. Ишончим комилки, ушбу кўргазма Ипак йўли тарихи ва маданиятига қизиқувчи барча учун илҳом манбаи бўлиб, халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларимиз рамзига айланади», — деди президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева кўргазма очилишида.

Фото: Саида Мирзиёева.Фото: Саида Мирзиёева.

«Бизнинг мақсадимиз — Буюк Ипак йўлининг кенг ва мураккаб тарихини нафақат Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо нуқтаи назаридан айтиб бериш, балки эрамизнинг 500−1000 йилларигача бўлган даврда Осиё, Африка ва Европанинг ўзаро боғлиқлигини таъкидлашдир. Бу чинакам ҳамкорликдаги, Ипак йўли руҳидаги саъй-ҳаракатлар эди», — деди Британия музейидаги Хитой расмлари, гравюралари ва Марказий Осиё коллекциялари куратори Люк Ю-Пинг.

Европанинг илк ўрта асрлар ва Саттон-Ху коллекциялари куратори Сью Бруннингнинг айтишича, кўргазма Ипак йўли тарихи, жумладан, у билан анъанавий боғланмаган ҳудудлар ҳақида янги тушунчалар беради. Масалан, экспонатлар орасида Англия шимоли-шарқида яратилган кит суяги қутиси ҳам бор, унинг ортида милодий 500 йилдан 1000 йилгача бўлган даврдаги қитъалараро алоқаларни акс эттирувчи ҳикоя ва афсоналар жойлашган.

Византия дунёси куратори Элизабет О’Коннеллнинг таъкидлашича, кўргазма Тинч океанидан Атлантика океанигача бўлган масофани кесиб ўтган одамлар ва объектларнинг саёҳатларини акс эттиради. Кўргазмалар орасида дипломатлар, зиёратчилар, олимлар, талабалар, қочқинлар ва асирларнинг ҳикояларини топиш мумкин. Шахсий ҳикоялар орасида англиялик бальзам контрабандачиси Виллибад ва ипакчилик сирларини очиб берган хитойлик малика ҳикоялари киради.

Кўргазма 2025 йил 23 февралгача Британия музейидаги Сэйнсбери кўргазмалар галереясида давом этади.