27 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари бош вазири ўринбосари, мудофаа вазири, Дубай амирлиги валиаҳди Ҳамдан бин Муҳаммад Ол Мактум бошчилигидаги делегация билан учрашди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Унда кўп қиррали шерикликни ривожлантириш, иқтисодий ва инвестициявий лойиҳаларни илгари суриш, мудофаа соҳасида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.

БАА делегацияси таркибида учрашувда ҳукумат ишлари вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ аль-Гергавий, энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл бин Муҳаммад ал-Мазруий, иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук ал-Маррий, сунъий интеллект масалалари ва рақамли иқтисодиёт бўйича давлат вазири Умар бин Султон ал-Олама ҳам қатнашди.

баа, инвестиция, мудофаа саноати, президент, ҳамдан бин муҳаммад ол мактум

Учрашувда инвестициялар, инновацион ривожланиш, «яшил» энергетика, инфратузилма, таълим, соғлиқни сақлаш, экология, рақамли трансформация, туризм ва бошқа муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар куннинг биринчи ярмида ўтказилган ўзаро манфаатли ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича қўшма форум ҳамда икки томонлама ҳукуматлараро ва идоралараро музокараларнинг самарали якунларини юқори баҳолади.

Стратегик тармоқларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилишга келишиб олинди.

Президент матбуот хизматининг таъкидлашича, БАА Ўзбекистоннинг Осиё минтақасидаги асосий ҳамкорларидан бири. Товар айирбошлаш 2023 йилда 21 фоизга ўсиб, 626 миллион долларни ташкил этди. Мамлакатда Амирликлар капитали иштирокида 320 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда. Амалга оширилаётган ва истиқболли инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 20 миллиард долларни ташкил этади.