Сўнгги йилларда давлат мулки ҳисобланган умумфойдаланишдаги боғлар, сайилгоҳ, хиёбон ва дарахтзорлар ҳудудида бино-иншоотларни қуриш амалиёти кенгайиб бораётгани кўпйиллик дарахтларнинг кесилишига, атроф-муҳит ифлосланишига, оқибатда аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.

Партия ўрганишларига кўра, ҳозирги кунда республикадаги 184 та истироҳат боғларида дарахтзор ҳудудлар камайтирилиб, 944 та бино-иншоот қурилган. 18 та истироҳат боғида 91 та ноқонуний қурилма мавжуд экани аниқланган. Уларнинг 98 тасида 1248 та аттракцион ноқонуний ўрнатилган.

Шу билан бирга, қонунчиликдаги бўшлиқлар сабаб маҳаллий ҳокимликлар томонидан истироҳат боғларининг ерларини маҳаллий ҳокимият захирасига олиш ва кейинчалик хусусийлаштириш ёки бегоналаштириш амалиёти кенгайиб бормоқда. Натижада янгидан қайта-қайта кадастр ҳужжатини тузиш орқали боғлар ҳудуди қисқариб кетмоқда.

«Адолат» СДП ўзининг 2025−2029 йилларга мўлжалланган янги cайловолди дастурида ижтимоий объектларни сақлаб қолиш мақсадида истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, сайилгоҳлар, таълим ва тиббиётга оид давлат объектлари ва уларнинг ҳудудларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бегоналаштиришни тақиқлаш, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилашни таклиф қилмоқда.

Реклама ҳуқуқлари асосида.