27 сентябрь куни, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловига бир ой қолганда, Дебат Холл майдонида дастлабки теледебатлар бўлиб ўтди. «Газета.uz» улар қандай ўтганини ва партия раҳбарлари нималар ҳақида гаплашганини айтиб беради.

Бешта сиёсий партия — Либерал демократик партия (ЎзЛиДеП, Актам Хаитов), «Миллий тикланиш» демократик партияси (Алишер Қодиров), Экологик партия (Абдушукур Ҳамзаев), Халқ демократик партияси (ХДП, Улуғбек Иноятов) ва «Адолат» социал-демократик партияси (Робахон Маҳмудова) раҳбарлари ўртасида илк бор дебатлар ўтказилди.

Таққослаш учун: 2019 йилги сайловда фақат партиялар вакиллари, 2023 йилги президент сайловида эса номзодларнинг вакиллари дебатларда иштирок этган.

Шунингдек, дебатлар бир вақтнинг ўзида бир нечта телеканалларда жонли эфирда намойиш этилди: Менинг юртим, Renessans, Sevimli, Zo‘r TV, Uzreport TV (ўзбек тилида), Дунё бўйлаб (рус тилида) ва Foreign languages (инглиз тилида).

Тадбирни Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси раиси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа олиб борди.

У дебатлар ҳар жума куни ўтказилишини маълум қилди. Сайловга қадар жами бешта дебат ўтказилиши режалаштирилган.

Оммавий фикр алмашиш тўрт раундда бўлиб ўтди. Партия раҳбарлари чиқишларининг навбати қуръа ташлаш йўли билан белгиланди. Биринчи раундда улар икки дақиқалик мурожаатлар билан чиқиш қилишди. ЎзХДП раҳбари Улуғбек Иноятов, «Адолат» етакчиси Робахон Маҳмудова ва ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитов чоп этилган матнга тез-тез кўз ташлаб туришган бўлса, «Миллий тикланиш» раҳбари Алишер Қодиров ва Экопартия етакчиси Абдушукур Ҳамзаев карточка ёрдамисиз сўзга чиқишди.

сайлов 2024, дебатлар, адолат партияси, хдп, миллий тикланиш, экопартия, ўзлидеп

Иккинчи раундда бошловчи Debat Xoll Telegram канали орқали сайловчилардан келиб тушган саволларни берди. Бундан ташқари, фуқароларнинг видеога ёзиб олинган саволлари ҳам кўрсатилди.

Шерзодхон Қудратхўжа биринчи саволида ЎзХДП раҳбари Улуғбек Иноятовдан Тошкентда тирбандлик муаммоси ва метрополитеннинг тирбандлиги қандай ҳал этилишини сўради.

Улуғбек Иноятов партия дастурида жамоат транспортини янада ривожлантириш, жумладан, метро қамровини кенгайтириш кўзда тутилганини маълум қилди. Унинг фикрича, шаҳарда тирбандликнинг асосий сабаби — йўл четида тўхтаб қолган автомобиллар, шунингдек, бекатларнинг хусусийлаштирилиши ва уларда дўконлар очилиши, бунинг натижасида ҳайдовчилар кўпинча уларнинг олдида тўхтаб, тирбандликларни юзага келтирмоқда.

Партия дастурида автотураргоҳларни кенгайтириш, кўчалар бўйлаб пуллик тўхташ жойлари экотизимини яратиш, янги турар жой микрорайонларида автотураргоҳлар мавжудлиги тўғрисидаги мажбурий талабни жорий этиш, кўп қаватли автотураргоҳларни жорий этишни рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Бундан ташқари, давлат хизматчиларини жамоат транспортида ҳаракатланишга рағбатлантириш, ҳафта кунлари жуфт ва тоқ рақамли шахсий автомобилларнинг ҳаракатланишини чеклаш режалаштирилган.

Робахон Маҳмудова. Фото: Халқаро пресс-клубРобахон Маҳмудова. Фото: Халқаро пресс-клуб

«Адолат» партияси раҳбари Робахон Маҳмудова боғ ва хиёбонларда дарахтлар кесилиши, бино ва иншоотлар қурилиши давом этаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.

Депутатлар жойлардаги вазиятни ўрганиб, 184 та боғда 940 та ноқонуний қурилишлар, шунингдек, ноқонуний аттракционлар борлиги аниқлаган. Унинг сўзларига кўра, боғлар ҳокимликларининг маҳаллий фондига олиб қўйилиши амалиёти кузатилмоқда, шундан сўнг давлат мулки ноқонуний равишда хусусийлаштирилади ёки бошқа шахсга ўтказилади. У бу соҳадаги қоидаларни қатъийлаштириш, шунингдек, истироҳат боғлари, тиббиёт ва таълим муассасаларини хусусийлаштиришни тақиқлаш тарафдори эканини айтди.

Партия дастурида истироҳат боғлари, болалар оромгоҳлари, таълим ва тиббиёт давлат муассасалари ҳамда уларнинг ҳудудларини хусусийлаштириш учун жавобгарлик киритиш кўзда тутилган.

ЎзЛиДеП раҳбари Актам Хаитовнинг айтишича, беш йил ичида мамлакатда тадбиркорлар сони 2,5 баробар, қишлоқ хўжалигида эса 5 баробар кўпайган. Унинг таъкидлашича, ҳозирда ҳукмрон партия нафақат уларнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқда, балки уларга қулайликлар ҳам яратмоқда.

Ўтган йиллар давомида рақобатни ривожлантириш, иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш ва бошқа масалалар билан боғлиқ 50 дан ортиқ қонун қабул қилинди.

«Миллий тикланиш» етакчиси Алишер Қодиров Ўзбекистон Қуролли Кучларида аёллар хизматини кенгайтириш бўйича сайловолди дастуридаги таклифга оид саволга жавоб берди.

Унинг сўзларига кўра, партия хотин-қизларнинг ўз хоҳишига кўра армияда хизмат қилишлари учун курашмоқда. «Ватанни ҳимоя қилишда эркак ёки аёл тушунчаси йўқ, аёлларнинг фидойилиги ва жасорати кўп соҳаларда намуна бўлади. Бу бизнинг анъаналаримизга мос келади,» — деди у.

Депутат, шунингдек, мактабни тугатгандан сўнг олий ўқув юртига кирмайдиган ёшларни ҳарбий хизматга жалб қилиш керак, деб ҳисоблайди.

Абдушукур Хамзаев.Абдушукур Хамзаев.

Экопартия раиси Абдушукур Ҳамзаев тирбандлик ва ҳаво сифатининг ёмонлашуви ҳақида гапирди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунё бўйлаб ҳаво ифлосланишидан 8,5 миллион киши вафот этади (2021 йилда — 8,1 миллион киши), деди у.

Партия кўмир ёқиладиган иссиқхоналарга фильтрлар ўрнатиш тарафдори. У куни кеча Тошкентда ҳаво сифатини яхшилаш бўйича қабул қилинган қарор учун президентга миннатдорлик билдирди, аммо ҳал қилиниши керак бўлган кўплаб масалалар борлигини таъкидлади. Хусусан, гап чўлланиш, жамоат транспортини ривожлантириш муаммолари ҳақида бормоқда. «Бизнинг дастуримизда аниқ ечимлар бор, бизни қўллаб-қувватланг», — деди «яшиллар» вакили.

Шундан сўнг, Тўрақўрғон туманидан ногиронлиги бўлган фуқародан видеомурожаат келиб тушган. У Ўзбекистонда 1 миллион ногиронлиги бўлган шахслар учун уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва эркин ҳаракатланиш борасида нима қилиш режалаштирилганини сўради.

ХДП раҳбари ҳар доим уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, «тўсиқларсиз ҳаёт» дастури, инклюзив жамиятни шакллантириш тарафдори бўлганини айтди. Мамлакатда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун қабул қилинди, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ратификация қилинди, деди у.

«Ҳа, биз ҳукуматдан уларнинг масалаларини ҳал қилишни янада қаттиқроқ талаб қилишимиз керак… Транспорт ва ижтимоий объектларда уларнинг ҳаракатланиши билан боғлиқ муаммолар бор,» — дея тан олди у.

«Адолат»дан йўл-транспорт ҳодисалари ва йўлларда, айниқса, болалар ўлими ҳақида сўрадик. Робахон Маҳмудова буни «энг оғир муаммо» деб атади. Унинг сўзларига кўра, инсон ҳаёти муқаддас ва унга ҳеч ким тажовуз қилишга ҳақли эмас, шунинг учун ҳатто «бировнинг ҳаётига онгсиз равишда суиқасд қилганлар» ҳам жазоланиши керак.

2023 йилда Ўзбекистонда ЙТҲ оқибатида 2282 киши, шу жумладан 263 нафар бола ҳалок бўлган. «Адолат» йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни кучайтиришни, мунтазам қоидабузарлик ва маст ҳолда ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномасидан умрбод маҳрум қилишгача бўлган жазоларни назарда тутишни таклиф қилмоқда.

Актам ХаитовАктам Хаитов

ЎзЛиДеП раҳбари, шунингдек, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раҳбари Актам Хаитовдан фаолиятига ҳали ҳам давлат хизматчилари аралашган фермерлар муаммоси қандай ҳал этилиши сўралган.

У бу соҳада ислоҳотлар, жумладан, ер ислоҳоти ўтказилиб, фермерларга мустақиллик берилгани, партия уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга жиддий ёндашаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳудудлардаги айрим мутасаддилар ҳукумат қарорини нотўғри талқин қилмоқда, партия эса ўз дастурида уларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни таклиф қилмоқда.

«Миллий тикланиш» раиси интернетдаги миллий контент, шунингдек, ўзбек тилидаги адабиётлар, айниқса, болалар адабиётининг «хом ашёси» ҳақида фикр билдирди.

Алишер Қодиров партиянинг сайловолди дастурида давлат тили масаласи алоҳида бобга чиқарилганини таъкидлади. Унинг фикрича, ҳозир тил замон талабларига жавоб бермайди. Дастур доирасида ўзбек алифбоси ислоҳотини якунлаш ва лотин алифбосига ўтиш, 1000 та хорижий манбани ўзбек тилига таржима қилиш, илмий адабиётларнинг миллий сегментини ривожлантириш, шунингдек, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш режалаштирилган.

Экопартия раҳбари Ўзбекистонда дарахтларни оммавий экишда уларни суғориш ва парвариш қилиш масаласи ҳал этилмаганини тасдиқлади. Бу соҳада камчиликлар, қўшиб ёзиш ва кўзбўямачиликлар кузатилмоқда, деди у.

Ўтган йили экилган 580 минг туп дарахт қуриб қолди, деди Абдушукур Ҳамзаев. Шунингдек, у Самарқандда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган учта истироҳат боғидаги дарахтлар қуриб қолганини ҳам эслатиб ўтди.

«Бизнинг океан ва денгизларимиз йўқ. Бизда ҳавони тозалайдиган ягона манба дарахтлардир. Дарахтлар ва сувни тежаш бизни глобал исишдан қутқаради. Бизда аниқ таклифлар ва олимлар бор. Дарахтли ерларни аукционга чиқаришни тақиқлаймиз, дарахтларни кесганлик учун тадбиркорлардан ер олиб қўйилишигача бўлган жазони кучайтирамиз», — деди у.

сайлов 2024, дебатлар, адолат партияси, хдп, миллий тикланиш, экопартия, ўзлидеп

Учинчи раундда партия аъзолари бошқа партиялар раҳбарларига саволлар беришди.

ХДП вакили ЎзЛиДеП раҳбаридан сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсатини таъминлаш соҳасида режалаштирилган ишлар ҳақида сўради.

Актам Хаитовнинг таъкидлашича, давлат раҳбари сиёсатининг асосий йўналиши сўз эркинлиги бўлиб, бунинг натижасида ОАВ сони 2−3 баробар кўпайган, шунингдек, мустақил блогерлар фаолият юритмоқда. Фармон ва қарорлар жамоатчилик билан келишилмоқда, деди у.

Ҳукмрон партия етакчиси сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсатини қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.

«Адолат» вакилининг таъкидлашича, «Миллий тикланиш» дастурида ажралиш жараёнидаги божлар оширилиши кўзда тутилган, аммо оилавий зўравонлик ва оила аъзоларининг соғлиғига таҳдид туфайли ажралиш зарур бўлган ҳолатлар мавжуд. «Демак, бойлар ажрашади, камбағаллар эса ажрашолмайди. Бу адолатданми?» — деб сўради у.

Алишер ҚодировАлишер Қодиров

Алишер Қодировнинг таъкидлашича, ажримлар бўйича жарималарнинг оширилиши оилани сақлаб қолишдаги сўнгги қадамлардан бири. «Биз маҳаллалар, қариндошлар ва атрофдагилар ёрдамида оилани сақлаб қолиш учун барча чораларни кўришимиз керак. Катта жарималар ёшлар ўртасида ўйламасдан ажралишларни тўхтатиш воситаларидан биридир. Суд узил-кесил қарор қабул қилишини ҳисобга олиб, камбағалларнинг аҳволини ҳисобга олади», — деди у.

ЎзЛиДеП вакили Эко партиянинг айрим таклифларига шубҳа билдириб, уларни амалга ошириш учун реал имкониятлар ва асослар йўқлигини таъкидлади. Масалан, «яшиллар» 2030 йилдан Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида ички ёнув двигателли автомобиллар ҳаракатланишини тақиқлашни, 2035 йилдан эса уларни сотишни бутунлай тақиқлашни таклиф қилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 4 миллион шундай автомобиль рўйхатдан ўтказилган. У бу автомобилларга нима бўлади, деб сўради.

Абдушукур Ҳамзаев бу масалага бошқа томондан қараш кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳар йили Ўзбекистон атмосферасига 2,4 миллион тонна ифлослантирувчи моддалар чиқарилади, шундан 1,5 миллиони автомобилларнинг чиқинди газларига тўғри келади, Тошкентда бу кўрсаткич 93% ни ташкил этади, яъни 700 минг автомобиль кунига 3500 тонна ёқилғи ёқади ва 700 тонна зарарли газ чиқаради. «Биз учун ҳаёт муҳимми ёки «темир»ми?», — деб сўради Экопартия раҳбари.

«Миллий тикланиш» ХДПдан парламент ва кенгаш депутатлари сайловларида, шунингдек, агар қонунчиликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг иштироки учун чекловлар мавжуд бўлмаса, давлат фуқаролик хизматида ногиронлиги бўлган шахслар учун ўринларни квоталаш нима учун керак, деб сўради.

Улуғбек ИноятовУлуғбек Иноятов

Улуғбек Иноятов ногиронлиги бўлган шахслар жамиятнинг бир қисми эканлигини, шунинг учун уларга парламент, кенгаш ва давлат хизматида бўлиш учун тенг имкониятлар яратиш зарурлигини таъкидлади.

Унинг фикрича, бу жамият тараққиётига, шунингдек, уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифатини яхшилашга хизмат қилади.

ХДПда «Адолат»га бошқа механизмлар бўлсада, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масаласида нега субсидияга таянаётгани ҳақида савол берилди.

Робахон Маҳмудованинг таъкидлашича, ипотека кредитлашда жалб қилинган қарзни фоизлар билан қайтариш, субсидия эса давлатнинг беғараз ёрдами бўлиши керак.

«Биз янада илгарилаб, қурилиш компанияларини рағбатлантирмоқчимиз, агар улар ўзлари субсидия ажратсалар, уларга солиқ имтиёзлари ва ер олишда имтиёзлар бермоқчимиз», — деди у.

«Адолат» депутати Экопартия раҳбарига берган саволида 2021 йилда экологик аудит тўғрисидаги қонун қабул қилингани, бироқ уни амалга ошириш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаганини таъкидлади. Ўтган сайловларда «яшиллар» экологик суғуртани жорий этишни ваъда қилган, аммо амалий ҳеч нарса қилинмаган, деди у.

Абдушукур Ҳамзаев партия белгиланган режаларни қисман амалга оширганини айтди. «Экоаудит ишламаётганига қўшилмайман, экоаудиторларни сертификатлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда, лекин, ҳа, қонун тўлиқ такомиллаштирилмаган. Қонунчиликдаги бўшлиқлар устида ишлаймиз», — деди у.

ЎзЛиДеП ҳам ХДПнинг элита уй-жойларини қураётган қурилиш компаниялари ва банклар даромадларидан мажбурий ажратмалар ҳисобига ижтимоий уй-жойлар қуриш учун махсус жамғарма ташкил этиш таклифига шубҳа билан қараб, буни тадбиркорлар фаолиятига аралашиш деб атади.

Улуғбек Иноятов уй-жой нархининг юқори талаб фонида ошишига, бунинг натижасида йирик қурувчилар катта пул топишига эътибор қаратди.

«Биз уларни ушбу жамғарма орқали шундай ижтимоий тадбиркорликка таклиф қилмоқчимиз ва маблағлар ҳисобидан муҳтожларга уй-жой сотиб олишда ёрдам бермоқчимиз, кейин улар келажакда бу маблағларни босқичма-босқич қайтариб олиш имкониятига эга бўладилар,» — деди у.

«Миллий тикланиш» ЎзЛиДеП ва ҳукумат меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлаш учун нималар қилганини сўради.

Актам Хаитовнинг таъкидлашича, хориждаги ватандошларга тил ўргатиш, транспортда ҳаракатланиш вақтида хавфсизликни таъминлаш, консуллик муассасалари орқали уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилган, шунингдек, 180 минг нафар муҳожир ва уларнинг оила аъзоларига ер ажратилган.

Экопартия «Миллий тикланиш»нинг янги танлаш ва назорат тизими бўйича таклифи ўқитувчиларни ҳимоя қилишига шубҳа билдирди. «Ўқитувчиларнинг шаффоф танлови қандай ташкил этилади, видеокамераларни ўрнатиш учун маблағ ва ресурслар қаердан келади? Жуда кучли назорат уларга халақит бермайди ва таълим сифатини пасайтирмайди,» — дея сўради депутат «яшиллар»дан.

Алишер Қодировнинг таъкидлашича, ўқитувчилар келажак яратувчилари, лекин соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш учун ўқитувчиларнинг янги авлодини тайёрлаш керак.

«Таклифимиз — янги авлод ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича давлат дастурини қабул қилиш ва маълум бир даврда 700 мингдан ортиқ ўқитувчиларни янги педагогларни жалб қилган ҳолда алмаштириш жараёнини бошлаш. Лекин аввал уларни тўғри танлаб олишимиз керак, бунинг учун эса абитуриентларни тўғри танлаб олишдан бошлашимиз керак. Педагогик малакага эга бўлмаган шахслар педагогика олий ўқув юртларида ўқимасликлари керак. Танлов ўша ердан бошланади. Бу узоқ муддатли дастур», — дея тушунтирди у.

ХДП «Миллий тикланиш»га кўча баннерлари ва реклама материалларида ўзбек тилидаги ибораларнинг нотўғри ёзилгани, шунингдек, хизмат кўрсатиш ва савдо соҳасида давлат тилида мулоқот қилиш борасида турли ёндашувлар мавжудлигини кўрсатди.

«Бизда ташқи ёзувларни тартибга солувчи давлат тили ва реклама тўғрисидаги қонунлар бор. Аммо асосий муаммо — бу жамиятнинг бефарқлигидир. Ҳа, бу қонунларга тузатишлар киритиш ва жазони кенгайтириш талаб этиладиган масалалар бор… Аммо жамоатчилик қонун атрофида бирлашмаса, биз ўз тилимизни ҳимоя қилмасак, унинг мулоқот тили сифатида ривожланишига ҳисса қўшмасак, қонун шунчаки қонун бўлиб қолаверади, тил эса ривожланмайди», — деди Алишер Қодиров.

ЎзЛиДеП хусусий сектор иш берувчиларининг ходим олдидаги меҳнат қонунчилигида белгиланган мажбуриятларини соддалаштириш тарафдоридир. «Адолат» Inbazar дўконида ходимга нисбатан зўравонлик ҳодисасини эслатиб ўтди ва бу ҳол «лезейка»га олиб келмайдими ва тадбиркорлар жазодан қутулиб қоладими, деб сўради. Депутат, шунингдек, бизнес манфаатларини ҳимоя қилишга уринишда бошқаларнинг ҳуқуқлари чекланмаяптими, деб сўради.

«Йўқ, биз бизнесни ҳам, бошқаларни ҳам ҳимоя қиламиз. Inbazar’даги вазият — бу меҳнат қонунчилиги эмас, бу зўравонлик, бу Жиноят кодекси. Биз иш жойида ва бошқа соҳаларда зўравонликни қоралаймиз ва унга қарши чиқамиз», — деди Актам Хаитов.

сайлов 2024, дебатлар, адолат партияси, хдп, миллий тикланиш, экопартия, ўзлидеп

Либерал демократик партия раҳбари иш берувчилар учун мажбуриятларни соддалаштириш яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш билан ишчиларни ёллашни ҳам соддалаштиради, деб ҳисоблайди.

ЎзЛиДеПнинг таъкидлашича, «Адолат» таклиф қилаётган солиқ солишнинг прогрессив шкаласи (кўп пул топадиган кўпроқ солиқ тўлайди) ушбу партиянинг тенглик ғоясига зиддир.

«Тенглик ва солиқ йиғишда тенглик — бу турли нарсалар. Солиқ тизимида прогрессив ставкани жорий этиш оқилона ва замонавий ёндашувдир. Ушбу ташаббусни киритишдан олдин экспертлар билан маслаҳатлашдик, бу шкала АҚШ, Канада, Италия, Францияда жорий этилганини ва самарали ишлаётганини биламиз. Прогрессив ставканинг жорий этилиши давлат бюджетини тўлдириш, ишбилармонлик фаоллигини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга олиб келади», — дея жавоб берди Робахон Маҳмудова.

«Миллий тикланиш» депутати, Экопартиянинг йўлнинг қатнов қисмини қисқартириш эвазига велосипед ва скутерлар учун алоҳида йўлаклар яратиш таклифига эътироз билдирди. Унинг таъкидлашича, йўлларда кундан-кунга автомобиллар сони ва тирбандликлар ортиб бораётган бир пайтда, бу таклиф ўринли эмас.

«Яшиллар» раҳбари саволни оригинал деб атади. «Мен пиёда юраман. 2018 йилдан 2023 йилгача Тошкент шаҳрида машина ва тирбандликлар сони 30 фоизга ошди. Йўлларни кенгайтириб, автомобиллар учун шароит яратаётганимиз сари енгил автомобиллар кўпайиб бораверади. Бу тирбандлик ва ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлади. Шунинг учун биз қатнов қисми ҳисобидан велосипед йўлакларини яратмоқчимиз», — дея тушунтирди у Нидерландия тажрибаси ва пиёда ва велосипедда ҳаракатланишнинг фойдалилигини таъкидлаб.

Экологик партиядан «Адолат»га депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш режалари ҳақида савол берилди. «Ҳозир нима қилиш режалаштирилган ва бунга нима тўсқинлик қилмоқда? Бу ташаббуслар умумий сўзларга ўхшайди», — деди «яшиллар» вакили.

«Йўқ, бизда аниқ ва конструктив таклифлар бор. Нима учун биз дастурнинг 12 бандида жамоатчилик ва депутатлик назорати масаласини кўтаряпмиз? Биз буни қонунчиликка киритишни таклиф қилмоқчимиз. Жамоатчилик ва депутатлик назорати орқали таълим ва тиббиёт, озиқ-овқат сифати, дори-дармонларга тўғри сарфланадиган маблағлар, бюджет харажатлари, солиқ имтиёзлари каби кўплаб масалаларни ҳал этиш мумкин. Бу орқали биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ўлим ҳолатларини билиб оламиз, бу ҳолатларни тергов босқичларида назорат қилиш орқали олдини олиш мумкин», — деди Робахон Маҳмудова.

ХДПнинг фикрича, Экопартиянинг 2030 йилгача пестицидлардан фойдаланишни 50 фоизга қисқартириш тўғрисидаги таклифи фермерларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки фермерлар зараркунандаларга қарши курашиш ва ҳосилдорликни ошириш учун кимёвий моддалардан мажбуран фойдаланишга мажбур бўлмоқдалар.

сайлов 2024, дебатлар, адолат партияси, хдп, миллий тикланиш, экопартия, ўзлидеп

Абдушкур Ҳамзаев бу бир томонлама қараш эканини айтди. «Одамларга соғлом овқат керак. Ҳамма жойда синтетика. 1000 дан ортиқ турдаги пестицидлар бор, ўзим агрономман, биламан. Бизнинг овқатимиз [пестицидлар] билан ифлосланади. Илгари биз олмаларга фақат 2 марта ишлов берардик, ҳозир — 8−10 марта, бу бизнинг одамларимиз истеъмол қилади, шунинг учун буни тартибга солиш керак. Бунинг оқибатида далаларда асаларилар, фойдали ҳашаротлар йўқолади, озиқ-овқат занжири бузилади. Ҳа, бироз қийин бўлади, лекин бу таннархга таъсир қилмайди. Олимлар ёрдамида ҳисоб-китобларни амалга оширдик. Аксинча, мувозанатни тиклаймиз ва тоза ва органик маҳсулотлар ишлаб чиқаради», — деди у.

ЎзЛиДеПнинг таъкидлашича, «Миллий тикланиш» дастурида маҳаллий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга устуворлик берилади, бироқ Ўзбекистон бозор қонунларини жорий этмоқда ва Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни режалаштирмоқда. Алишер Қодировдан бундай шароитда партия маҳаллий бизнесни қўллаб-қувватлашни режалаштиряптими, деб сўрашди.

«ЖСТга аъзо бўлиш, албатта, бизга баъзи мажбуриятларни юклайди, лекин Ўзбекистон — бу ҳар йили 1 миллионга кўпайиб, 40 миллионга яқинлашаётган халқ. Агар биз стратегик иқтисодиёт тармоқларида маҳаллий бизнесга эмас, фақат фойда олишни кўзловчи сармоядорларга таянадиган бўлсак, бу иқтисодий хавфсизликка таҳдид солади. Сўнгги геосиёсий ўзгаришлар, сармояларнинг сиёсийлашуви шароитида биз маҳаллий тадбиркорларга таяниб, халқни ҳимоя қилиш ҳақида кўпроқ ғамхўрлик қилмоқчимиз», — деди у.

Экопартия ЎзЛиДеП раҳбаридан уй-жой нархининг юқорилиги масаласини қандай ҳал қилиш режалаштирилганини сўради.

Актам Хаитовнинг айтишича, 2016 — 2023 йилларда 400 минг хонадонли уйлар қурилган бўлиб, келгуси беш йилда бу кўрсаткични 1 миллион хонадонга етказиш, шунингдек, узоқ муддатли ипотекани ривожлантириш, бошланғич бадал учун субсидиялар ажратиш режалаштирилган.

Мунозараларнинг тўртинчи раундида партия раҳбарлари сайловчиларга мурожаатлар билан чиқишди.