Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда одил судловни таъминлаш йўналишида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Ҳаётга татбиқ этилган ислоҳотларга қарамасдан, суд тизимида ўз ечимини кутаётган қатор муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда судьяларнинг иш юкламаси жуда юқори бўлиб, бу судлар томонидан ишларни кўришнинг муддати ва сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси кундан-кунга ортиб бораётган бўлса-да, штатдаги судьялар сони аҳолининг сонига нисбатан мутаносиб эмас.

Ўзбекистонда ҳар 100 минг нафар аҳолига 3−4 нафар судья тўғри келса, бу кўрсаткич Германияда 24 нафар, Испания ва Италияда 10, Португалияда 19, Венгрияда 29, Хорватияда 42, Австралияда 27 нафарни ташкил этмоқда.

Хорижий давлатлар тажрибасига эътибор қаратадиган бўлсак, бир судья бир ойда АҚШда ўртача 40 та, Канадада 50 та, Японияда 10 та, Германияда 15 та ва Буюк Британияда 20 та ишни кўради.

Суд тизимидаги мавжуд муаммоларни инобатга олган ҳолда, «Адолат» СДП ўз сайловолди дастурида судьялар сонини аҳоли сонига мутаносиб равишда кўпайтириш, шунингдек, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, меҳнат, солиқ, молия, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини яратиш таклифини илгари сурмоқда.

Партия ташаббуси одил судлов сифатини яхшилаш, судьяларнинг иш ҳажми ва иш юкламасини камайтириш, шунингдек, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлайди.

Реклама ҳуқуқлари асосида.