Марғилон 19−21 сентябрь кунлари ойнинг муҳим маданий тадбирларидан бири — «Атлас байрами» VI Халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалига мезбонлик қилди. 2015 йилдан бери ўтказиб келинадиган тадбирда бу йил 20 дан ортиқ давлатдан ҳунармандлар, дизайнерлар ва фотосуратчилар қатнашди.
Фестивал давомида семинарлар ва халқ сайллари, халқаро эксперт ва сиёсатчилар иштирокида номоддий маданий меросдан фойдаланиш стратегиялари ва бозор салоҳияти мавзуларида давра суҳбатлари, анъанавий тўқимачиликни ривожлантиришнинг экологик жиҳатларига бағишланган халқаро анжуман, шунингдек, профессионал ва ёш дизайнерларнинг модалар намойишлари бўлиб ўтди.
Шунингдек, фестивал доирасида анъанавий тўқимачилик бўйича фото ва санъат кўргазмаси очилди, «Объективда ҳунармандчилик» мавзусида халқаро фотосуратлар танлови бўлиб ўтди. Танловда ўзбекистонлик Ҳамдам Шораҳмедов ва Владимир Гончаренко, шунингдек, тожикистонлик Баҳриддин Исомуддинов ғолиб деб топилди.
Бундан ташқари, фестивал тадбирлари доирасида XIX асрда қурилган «Саид Аҳмад Хожа» мадрасаси биносида Ҳунармандчилик бизнеси ва тадбиркорлигини ривожлантириш ўқув маркази очилди. Таъкидланишича, ушбу марказ ҳунармандчилик ва бизнес соҳаларида салоҳиятни ошириш, инновациялар ва билим алмашиш учун хизмат қилади, маданият соҳаси мутахассислари ва ҳунармандларга ҳунармандчилик, бизнесни бошқариш, маркетинг, электрон тижорат ва ҳоказолар бўйича ўз малакаларини ошириш имконини беради.
«Атлас байрами»нинг якунида анъанавий тўқимачилик ва мода саноати бўйича жами 15 та номинацияда ғолиб деб топилган иштирокчиларга эсдалик совғалари топширилди.
«PressPhoto.uz» агентлиги мухбири Мумтозбегим «Атлас фестивали»нинг турли тадбирларидан фотолавҳалар тайёрлади.