Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 2 мингдан ортиқ инсонлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бу ҳақда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова YouTube’даги Lolazor подкастидаги суҳбатда айтиб ўтди.
Омбудсманнинг сўзларига кўра, ота-оналикдан маҳрум қилиниш ҳолатининг энг кўпи уларнинг жиноятлар содир этиши ёки болага нисбатан ота-оналик мажбуриятини бажара олмаганлик, шунингдек, касалликлар билан боғлиқ.
Ташкилотнинг Адлия вазирлиги статистикасига таяниб, «Газета.uz»га маълум қилишича, маҳрум қилиниш ҳолатларнинг мутлақ катта қисми — 86 фоизига ота-оналик мажбуриятларини бажармаганлик, 14 фоизи эса болаларини ташлаб кетганлик, уларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказганлик, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик моддаларига берилиши ёки боласи ёки эри (хотини) ҳаёти-соғлигига қасддан жиноят содир этиш сабаб бўлган.
Болалар омбудсмани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган ота-оналар фарзандларининг кейинги тақдири ҳақида сўзлаб, уларнинг асосий ҳомийси давлат бўлиши ҳақида тушунтириш берди.
«Ота-оналикдан маҳрум қилинди дегани, боланинг тўлиқ ижтимоий мажбуриятлари давлат зиммасига ўтади деганидир. Давлат унинг асосий ҳомий, васийси ҳисобланади. Васийлик ва ҳомийлик органлари боланинг қонуний вакили сифатида ўртага чиқади. Бу органлар ҳам ҳозирда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилган. Улар туманларда оилаларга энг яқин васийлик функциясини бажарадиган ижтимоий ёрдам кўрсатадиган асосий бўғинлардир», — деди у.
Келтирилишича, етим ва ота-она ғамхўрлигидан маҳрум бўлган болаларнинг тоифасига кирувчи болалар барча ижтимоий ҳуқуқлар билан таъминланади. Шу жумладан уларнинг ёши етгандан сўнг уй-жой билан таъминланишини назорат қилиш ва кўмаклашиш болалар омбудсмани вазифасига киради. Бу борада ҳам ишлаймиз.
Шунингдек, бола ҳуқуқлари бўйича вакил ота-онасидан маҳрум бўлган болаларни турли оилавий муҳитга жойлаштириш масаласи ҳақида гапирди.
Ўзбекистонда деинституционализация жараёни яъни институционаллашган, оддий тилда айтганда меҳрибонлик уйлари, болалар муассасаларини тугатиб, у ердаги болаларни оилавий муҳитда бўлган муқобил шаклларга жойлаштириш тизим бор. Бу болаларни патронаж оилаларга фарзандликка бериш, яқин қариндошларга топшириш шаклларида бўлиши мумкин. Жараён 2021 йилда бошланган бўлса, шундан бери 23 та болалар ташкилоти ёпилди. Бунга меҳрибонлик уйлари, болалар уйлари шу каби ёпиқ изоляцияда бўлган ташкилотлар ёпилиб, у ерда жойлашган болалар турли оилавий муҳитдаги шароитларга жойлаштирилди, дея таъкидлади Сурайё Раҳмонова.
«Бунда оилавий болалар уйлари самарали оилавий институт бўлди. Бугунги кунда бу турдаги 130 та уйлар мавжуд. Бундай уйларни ташкил қиладиган номзодлар тегишли тартибда тўлиқ текширилади. Етим ва ота-оналик қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уларга берилади. Жойларда шундай жойларга бориб кўрганимда болаларда ўзгариш катта», дея фикр билдирди у.
Эслатиб ўтамиз, сентябрь ойида сенаторлар «Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни маъқуллади, ҳужжат президент томонидан имзоланиши кутилмоқда. Унда зўравонлик шаклларига ғамхўрлик қилмаслик, эксплуатация ва буллингни ҳам киритиш, шунингдек, болаларни ҳимоялаш тартибини жорий этиш ва тарбия жараёнида жисмоний жазолашни тақиқлаш таклиф этилган.