Ўзбекистон Ҳисоб палатаси раисига икки нафар ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда палата матбуот хизмати «Газета.uz»га хабар берди.

Унга кўра, Сардор Мирзаев ва Атабек Аллабергановлар 24 сентябрдан бошлаб Ҳисоб палатаси раиси Адиз Бобоевнинг ўринбосари лавозимида иш бошлади.

Сардор Мирзаев 1985 йилда Фарғона вилояти туғилган. 2005 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. У Ҳисоб палатасидаги фаолиятини 2016 йилда маҳаллий бюджетларни шакллантириш ва ижро этиш гуруҳи инспектори, етакчи инспектори, қўшимча даромад манбаларини аниқлаш ва харажатларни таҳлил қилиш ахборот-таҳлил шуъбаси бош инспектори лавозимида бошлаган.

2022 йилда палатада Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларини аудит қилиш шуъбаси мудири бўлган. Ундан сўнг «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раисининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган. Кўп ўтмай яна Ҳисоб палатасидаги шуъба мудири лавозимига қайтган.

Атабек Аллаберганов эса 1977 йилда Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида туғилган. 1999 йилда Урганч давлат университетини тамомлаган. Иқтисод фанлари соҳасида фалсафа доктори (PhD). У фаолияти давомида кўп йиллар солиқ органларида турли лавозимларда ишлаган. 2019 йилда президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори бўлиб меҳнат қилган.

Ундан сўнг бир йил президент Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти етакчи инспектори сифатида иш олиб борган. Сўнгги тайинловга қадар Кадастр агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Шунингдек, у Солиқ хизматининг I-даражали маслаҳатчиси унвонига эга, «Шуҳрат» медали совриндори.