Президентнинг тегишли фармони билан Комил Исмоилович Алламжонов бошқа ишга ўтиши муносабати сабабли Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг раҳбари лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Шерзод Асадов маълум қилди.

Комил Алламжонов ушбу лавозимни бир йилдан сал кўпроқ вақт аввал эгаллаганди, унгача — 2022 йил июлидан Президент администрацияси раҳбарининг жамоатчилик фикри ва ахборот сиёсатини ўрганиш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Президент матбуот котиби хабарида шундай дейилади: «Комил Алламжонов юртимизда сўз эркинлигини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича президентимиз белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда катта натижаларга эришди».

«Комил Исмоилович билан яқиндан ишлаган кўп сонли ҳамкасбларимиз қаторида унинг касбий маҳоратини юксак баҳолаб, келгусидаги фаолиятида улкан зафар ва муваффақиятлар тилаб қоламан», — таъкидлади Шерзод Асадов.

Комил Алламжонов (1984 й. т.) Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти (2006) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети (2010) битирувчиси.

2020−2022 йилларда Масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди васийлик кенгаши раиси бўлган.

Аввалроқ 2018 йил ноябрь ойидан Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (2019 йил февралда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги негизида ташкил этилган) директори лавозимида ишлаб келган.

Бунгача у президент матбуот котиби ва бир вақтнинг ўзида давлат маъмурияти раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган.

2009−2013 йилларда Давлат солиқ қўмитаси раисининг ахборот хизмати раҳбари — матбуот котиби, 2005−2009 йилларда эса ДСҚ ахборот хизмати бошлиғи в.б. сифатида фаолият юритган.

У Avtotest автомактаби ва Autodriver Study ҳайдовчилардан имтиҳон олиш маркази, «Солиқ инфо» газетаси, BEM бухгалтерия фаолиятини автоматлаштириш дастури ва бошқа лойиҳалар асосчиси.

2022 йил кузида Финляндия таълим тажрибасини Ўзбекистонда жорий этишни мувофиқлаштириш вазифаси Комил Алламжоновга топширилган эди.