2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда хусусий секторда ўқувчи ўринларини кўпайтириш учун мактаб очадиган тадбиркорларга 20 млрд сўмгача кредит ажратилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни таълим соҳаси вакиллари билан мулоқотида маълум қилди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Шунингдек, бу кредит фоизининг асосий ставканинг 1,5 баробаридан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилади. Бундан ташқари, янги қуриладиган хусусий мактаб бинолари учун коммунал харажатларнинг 50 фоизи ҳам 5 йил муддатгача бюджетдан тўлаб берилади.

Тадбиркорлар ўз ҳисобидан мактаб қурса, унга кетган харажатлар фойда солиғидан икки йил давомида тенг улушларда чегириб ташланади.

Президент аҳоли ўсиши туфайли мактабларда йилига 120 мингта, боғчаларда эса 30 мингта қўшимча ўринга талаб юзага келаётганини қайд этди. Шундан келиб чиқиб 2025 йили бюджетдан ажратиладиган 3 трлн 200 млрд сўм ҳисобидан 375 та мактаб ва 97 та боғча реконструкция қилинади ва янгилари қурилади.

Бундан ташқари, Ислом тараққиёт банки ва ОПЕК жамғармасининг 50 млн доллар маблағи доирасида кейинги 4 йилда 200 та хусусий боғча қурилиб, янги 30 мингта ўрин яратилиши кутилмоқда.

Аввалроқ мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Ўзбекистонда қўшимча мактаб ўрни яратилиши приоритетда экани, бу йил 180 мингдан зиёд ўқувчи ўрнига эга мактаб қуриб битказилиши режа қилингани ҳақида гапирганди.

«Ўқувчи ўрнига катта эҳтиёжимиз бор. Биргина мисол, бу йил 398 мингга яқин битирувчиларимиз мактабларни битиришди. Биринчи синфга эса 719 минг нафар 1-синф ўқувчиларини қабул қилишни режа қилиб турибмиз. Шундан ҳам билса бўладики, бизнинг яна 2 карра ўқувчи ўрнига эҳтиёжимиз [бор]», — деганди у.

Шунингдек, вазир ўринбосари Темуржон Комилов битта янги мактаб қурилиши учун қанча маблағ ажратилиши ҳақида гапирганди. Унинг сўзларига кўра, мактабнинг қуввати, лойиҳалардан келиб чиқиб, битта муассаса қурилиши 13 млрд сўмдан 58 млрд сўмгача тушади.

«Қурилиш ва уй-жой, коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги буюртмачи томонидан амалдаги нархларни [айтиб ўтаман]. Мисол учун, 330 ўринли мактаб 13 млрд сўмдан ортиқ суммага, 528 ўринлиги 18,5 млрд сўмга, 660 ўринли мактаб 19,5 млрд сўмга тушади. Сергелида қурилган катта мактаблар, яъни энг катта қувватли, 1680 ўринли мактаблар 58 млрд сўмга яқин», — деганди вазир ўринбосари.