Ўзбекистонда ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш давом этади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 30 сентябрь куни таълимда амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар юзасидан мулоқот чоғида маълум қилди.

Давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадовнинг хабар қилишича, келгуси ўқув йилидан халқаро стандартлар асосида малака сертификатини бериш йўлга қўйилади. Тест синовларида 86 ва ундан юқори балл олган педагоглар қўшимча 70 фоиз устама олади.

Мисол учун, олий тоифали биология ўқитувчиси ўз фани бўйича халқаро сертификати бўлса — 50 фоиз, директор жамғармасидан 40 фоизгача ва янги талабга жавоб берса, яна 70 фоиз устама олади. Шу тариқа унинг умумий ойлик маоши 4 млн 500 минг сўмдан 12 млн сўмга етади.

«Ўқитувчилар учун 1 минг доллар маош бугун реал ҳодисага айланиб бораётганини шу мисолда яққол кўриш мумкин», — деди давлат раҳбари.

Президент ўқитувчиларга маҳорати ва эришган ютуқларига қараб тўланадиган устамалар сони 3 тадан 17 тага оширилганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ўқитувчиларнинг 88 фоизи ойига 6 млн сўмгача, 11 фоизи 6 млн сўмдан 10 млн сўмгача маош олади. «Ўз устида астойдил ишлаган, хорижий сертификат олган» 6 минг ўқитувчи 10 млн сўмдан зиёд маош олмоқда. 2020 йилда бундай ўқитувчилар 102 нафар бўлган.

2023 йилнинг август ойида Ўзбекистонда 6 млн сўмдан 10 млн сўмгача маош олувчи ўқитувчилар сони 23 минг (умумий ўқитувчилар сонининг 4,3 фоизи), 10 млн сўмдан ортиқ олувчилар — 1000 нафардан ортиқ (0,18 фоиз)ни ташкил этгани маълум қилинган эди.

Бугунги кунда Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги бюджети 46,6 трлн сўмни ташкил этади, шундан 84 фоизи, яъни 39 трлн сўми (ойига 3 трлн сўмдан ортиқ) иш ҳақи ва унга тенглаштирилган бошқа тўловлар ҳиссасига тўғри келади. Уларни 545 минг нафар педагог ва 200 мингдан ортиқ мактабгача таълим муассасалари ходимлари олмоқда.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи ярмида таълим соҳасида ўртача иш ҳақи салкам 3,5 млн сўмга етган, бу эса республика бўйича ўртача иш ҳақидан (5,09 млн сўм) сезиларли даражада пастдир. Соғлиқни сақлаш билан бирга, бу икки соҳа иш ҳақи бўйича охирги ўринни эгаллайди ва бир неча йиллардан буён бошқа соҳаларга қараганда секинроқ ўсиб бормоқда. «Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ва турли шароитларда ўқитувчиларнинг меҳнати ҳақида сўз юритган эди.

12 август куни президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрдан бюджет соҳаси ходимларининг иш ҳақини 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг иш ҳақини 15 фоизга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолади.

2020 йилнинг ноябрь ойида президент ўқитувчилар ва шифокорлар билан бўлиб ўтган учрашувда уларнинг маошларини ошириш режасини маълум қилган эди. «Ўқитувчи 1000 доллар олмагунча ишга келмаслиги керак. Шифокор билан бир хил вазият. Агар шифокор 1000 доллар олмаса, эртага болалари, невараларини қандай овқатлантиради? Биз буни қила оламизми? Қила оламиз» — деган давлат раҳбари. Кейинчалик ўқитувчиларнинг маошини минг долларгача ошириш режалари яна бир неча бор айтилди.