Flynas ва Qeshm Air авиакомпаниялари Эрон устидаги ҳаво ҳудуди ёпилгани сабабли Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди, дея хабар бермоқда Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Қайд этилишича, бунга Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашуви ва ҳаво ҳудудининг бир қисми ёпилиши сабаб бўлган.
2 октябрь куни қуйидаги рейслар бекор қилинди:
- Flynas’нинг KNE633/634 Жидда — Тошкент — Жидда ва KNE651/652 Жидда — Наманган — Жидда йўналишида
- Qeshm Air авиакомпаниясининг QSM2143/2142 Теҳрон — Тошкент — Теҳрон йўналишида.
Ушбу рейслар ҳақида батафсил маълумот олиш учун авиакомпания вакилларига мурожаат қилиш тавсия этилди.
Маълумот учун, Qeshm Air авиакомпанияси 2023 йилнинг 9 августидан Теҳрон−Тошкент−Теҳрон йўналиши бўйича мунтазам рейсларини йўлга қўя бошлаганди. Flynas авиакомпанияси эса Жидда — Тошкент — Жидда йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейсларни 2023 йилнинг 27 мартидан йўлга қўйганди.
Эслатиб ўтамиз, бир кун олдин Эрондан ракета ҳужуми пайтида Тел-Авивдаги Бен Гурион аеропорти вақтинча ёпилганди. Кейинчалик у ишини давом эттира бошлаган. Ҳужум оқибатида Uzbekistan Airways самолёти ҳам Тел-Авивдан икки соатга яқин кечикиш билан етиб келган.