Наманган вилоятидаги 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган Ахсикент ёдгорлигида қадимий бир қанча топилмалар топилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Ахсикентда XI қазув объектидан сўнгги эллик йилдаги энг нодир топилмалар топилган. Археологлар траншея қазиш жараёнида кенглиги 2,3 метрлик зинапояга дуч келган. Ер туби томон тўрт метр қазилганда сирли йўлакнинг бус-бутун аркаларига дуч келинди.

ахсикент, наманган

Бу ердан 10 минг кубометр тупроқ чиқарилгач, йўлакнинг 12 поғонаси очилган. Айнан шу нуқтадан етти метр шарқда қадимшунослар яна иккита ноёб ерости йўлларига дуч келган. Тахминларга кўра, ҳар икки аркасимон йўлак, дастлабки топилган катта йўлга боғланади. Барча йўлаклар бутун, аркасимон ҳолда, метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан бунёд этилган.

Ҳозирда италянча дея таърифланган раковина, ерости, пол ости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари билан бутун ҳолатда топилган қўл ювиш воситалари ҳам айнан шу объектдан 2024 йилги қазувлар жараёнида топилди.

ахсикент, наманган

«Бу объектнинг устини октябрь ойида узил-кесил ёпишимиз керак. Агар қурувчилар бунга улгуришмаса, яна тупроқ ташлаб консервация қилишимизга тўғри келади. Объект ўта ноёб», — дейди Ахсикент экспедицияси раҳбари, профессор Абдулҳамид Анорбоев.

Ҳозирда музейлаштирилаётган қисмлар қуйидагилардан иборат:

  • XVIII қазув объекти — 10−12 асрларда фаолият юритган ер ости сув иншоотининг кузатув пункти, биринчи шаҳристоннинг 13 асрнинг бошларига оид Хоразмшоҳлар даврида қурилган мудофаа девори ва турар жой қолдиқлари;
  • XI қазув объекти — 11−12 асрларга оид пишиқ ғиштдан қурилган гумбазли тагхона ва маҳобатли турар жой қолдиқлари, Фарғона водийсида илк бор топилган қорахонийлар даври деворий расм намуналари ҳамда юқорида қайд этилган ерости иншоотлари ва нодир қурилмалар мавжуд;
  • XIX қазув объекти — шаҳарнинг эрамиздан аввалги 3−1 асрларида қурилган маҳобатли мудофаа деворлари ва ерости сув йўли;
  • XXIV қазув объекти — 11−12 асрларга оид маҳобатли турар жой қолдиқлари аниқланган.

Ҳокимлик матбуот хизмати ёдгорлик ва ундаги сўнгги топилмалар ҳақида National Geographic ҳужжатли фильм суратга олишини маълум қилди.

ахсикент, наманган

Ахсикент ёдгорлиги — қадимий шаҳар харобаси. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи ҳудудида, Сирдарёнинг ўнг соҳилида жойлашган.

Тарихий маълумотларга қараганда, Ахсикат шаҳри милоддан аввалги 3−2 асрларда вужудга келган, 9−10- асрларда Фарғона водийсининг пойтахти бўлган. 1219 йил мўғуллар томонидан бутунлай вайрон қилинган. Асрнинг эски ўрнидан 5−7 км ғарбда бунёд этилган янги шаҳар Ахси 14−17 асрларга оиддир.