Олий Мажлис Сенати 30 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисда «Қишлоқ хўжалиги кооперативи тўғрисида»ги қонунни маъқуллади, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати. Ҳужжат президентга имзолаш учун юборилган.

1998 йилдаги қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисидаги қонун ўрнини босувчи ушбу қонун қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш, кооператив аъзолигига қабул қилиш, уни назорат қилиш, ташқи аудитдан ўтказиш, бошқариш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, шунингдек, давлат ва кооперативлар ўртасидаги муносабатларни тартибга солади.

Кооператив қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш учун пай усулига ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий равишда бирлашишига асосланган мустақил тижорат ташкилоти эканлиги қонунан белгиланмоқда.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро кооператив муносабатларини жорий этишнинг тўлиқ механизмлари акс эттирилган.

Қонунда ваколатли ёки сайланган вакил, дивиденд, захира жамғармаси, инвестициялар киритувчи кооператив аъзоси, ишончли шахс, пай бадали, пай, пай фонди, қишлоқ хўжалиги кооперативи ва унинг аъзоси, қўшимча пай бадали, қўшма қишлоқ хўжалиги кооперативи каби асосий тушунчалар мазмуни очиб берилмоқда. Қишлоқ хўжалиги кооперативи фаолиятининг асосий принциплари янгиланмоқда.

Кооперативнинг фирма номи ва жойлашган ерига оид норма белгиланмоқда, унга кўра кооператив ўзининг ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган тўлиқ ва қисқартирилган фирма номига эга бўлиши керак, кооперативнинг жойлашган ери унинг давлат рўйхатидан ўтказилган жойи бўйича белгиланади.

Бундан ташқари, кооператив камида етти нафар жисмоний ва (ёки) юридик шахслардан иборат таркибда, Қўшма кооператив эса камида учта кооперативдан иборат таркибда, ташкил этилиши мумкинлиги назарда тутилмоқда. Кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш белгиланмоқда яъни Кооператив юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Кооператив устави кооперативнинг таъсис ҳужжати эканлиги ҳамда Кооператив устави ёзма шаклда баён этилиши ва кооператив муассисларининг таъсис йиғилишида тасдиқланиши кераклиги қайд этилмоқда, шунингдек, Кооператив уставида кўрсатилиши керак бўлган талабларга ҳам қўшимча ва ўзгаритириш киритилмоқда.

Кооператив уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби очиб берилмоқда, шунингдек, кооперативнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Инвестициялар киритувчи кооператив аъзолари, Кооперативга аъзо бўлиб кириш ҳамда Кооператив аъзоларининг реестрини юритишга оид янги нормалар белгиланмоқда.

Кооператив аъзосининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Кооперативга аъзолик жорий молия йили тамомланганидан кейин тугатилиши назарда тутилмоқда, шу билан бирга, Кооператив аъзолигидан чиқариш тартиби очиб берилмоқда.

Кооперативнинг бошқарув органлари белгиланмоқда, Бунда, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши — кооперативнинг юқори бошқарув органи, кооперативнинг бошқаруви — кооперативнинг ижро этувчи органи, кооперативнинг кузатув кенгаши — кооперативнинг назорат қилувчи органи эканлиги белгиланмоқда.

Қонун билан Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг ваколатлари мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари қонунда қуйидагилар:

  • Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш, ўтказиш ва унинг тартиблари белгиланмоқда.
  • Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг баённомасига оид янги норма киритилмоқда унга кўра Кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарорлари баённома билан расмийлаштирилиши назарда тутилмоқда.
  • Кооператив аъзоларининг ваколатли вакиллари йиғилишига оид янги норма белгиланмоқда мазкун нормага асосан Кооператив аъзоларининг сони икки юз нафардан ортиқ бўлган кооперативнинг уставида кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши сайланадиган вакиллардан иборат бўлиши мумкинлиги назарда тутилмоқда;
  • Кооператив бошқаруви кооперативнинг ижро этувчи органи эканлиги ҳамда Кооператив бошқаруви аъзолари ўз ваколатларини бошқа шахсларга бериши мумкин эмаслиги назарда тутилмоқда, шунингдек, Кооператив бошқарувининг ҳамда раисининг ваколатлари мустаҳкамланмоқда;
  • Кооператив кузатув кенгашига оид янги нормалар киритилмоқда яъни Кооператив кузатув кенгашининг аъзолари ўз таркибидан кузатув кенгаши раисини сайлайди, расмийлаштирилган баённомани кооператив бошқарувига расмий тарзда тақдим этади.

Қонунда кооператив кузатув кенгашининг ваколатлари, кооператив бошқаруви раисининг, кооператив бошқаруви ҳамда кооператив кузатув кенгаши аъзоларининг мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланмоқда. Шунингдек, кооператив бошқаруви органларининг қарорлари ва кооператив мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш мумкинлиги назарда тутилмоқда.

Кооперативнинг ўз капиталини шакллантириш манбалари, Кооператив аъзоларининг пай бадаллари ва пайлари очиб берилмоқда. Кооперативнинг захира жамғармаси, бўлинмас жамғармаси ва бошқа жамғармалари, Кооперативнинг йиллик соф фойдасини тақсимлаш ва зарарларининг ўрнини қоплаш ҳамда Кооператив ва унинг аъзоларининг мулкий жавобгарлигига оид янги нормалар киритилмоқда.

Қонунда кооперативнинг битимлари белгиланмоқда унга кўра кооператив етиштириладиган маҳсулотларни харид қилиш, хизматлардан фойдаланиш, маҳсулотни реализация қилиш тўғрисида кооператив аъзолари билан битимлар тузилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, кооперативнинг ижрочи директори ва ходимларига оид норма киритилмоқда, яъни Кооператив бошқаруви ижрочи директорни ёллашга ҳақли. Кооператив ўз фаолиятини самарали ташкил этиш учун ходимларни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда.

Қонун билан кооператив фаолиятининг аудиторлик текширувига оид янги институт киритилмоқда. Шу билан бирга, Кооперативлар фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш белгиланмоқда, бунда давлатнинг Кооперативларга нисбатан асосий вазифалари ҳамда кооперативлар фаолиятининг кафолатлари назарда тутилган.

Кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш жараёнларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, Кооперативни тугатиш турлари ва асослари белгиланмоқда.

Қонунда кооперативлар умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида кооперативлар уюшмаларига бирлашиши мумкинлиги белгиланмоқда.