Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 30 сентябрь кунги йиғилишида «Креатив иқтисодиёт тўғрисида»ги қонунни маъқуллади, деб хабар берди парламент юқори палатасининг матбуот хизмати.

Ҳужжатда креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда уни таснифлаш кўзда тутилган.

Қонунда креатив иқтисодиёт соҳалари сифатида қуйидаги 15 та йўналиш белгиланган:

  • адабий ижод;
  • архитектура, лойиҳалаш, урбанистика;
  • аудиовизуал санъат;
  • мода ва дизайн санъати;
  • ижрочилик санъати;
  • музейлар, бадиий галереялар (кўргазма), ахборот-кутубхона фаолияти;
  • нашриёт ва матбаа соҳасидаги ижодий фаолият;
  • оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ижодий фаолият ва интернет орқали узатиш;
  • концерт-томоша фаолияти ва оммавий-маданий тадбирлар ташкил этиш;
  • продюсерлик фаолияти;
  • рақамли технологиялар соҳасидаги ижодий фаолият;
  • реклама соҳасидаги ижодий фаолият;
  • санъат ашёлари ва маданий мерос объектларини асрашга доир ҳамда реставрация фаолияти;
  • тасвирий санъат;
  • халқ амалий санъати, ҳунармандчилик.

Креатив иқтисодиёт бўйича давлат сиёсатининг амалга оширилиши механизми белгиланиб, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирлик ва идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг соҳага оид ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.

Қонун билан креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича республика кенгаши ташкил этилаётган бўлиб, ушбу кенгаш жамоатчилик асосида фаолият олиб борадиган маслаҳат органи ҳисобланади. Республика кенгаши таркиби креатив индустрия соҳалари бўйича тегишли давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, креатив индустрия соҳасидаги етакчи тадбиркорлар ҳамда халқаро ва маҳаллий экспертлардан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тасдиқланади.

Қонун асосида креатив иқтисодиёт учун зарур инфратузилма яратиш ва қўллаб-қувватлаш механизмлари белгиланмоқда.

Хусусан, креатив индустриялар парки ва кластерлари, рақамли платформалар, таълим дастурлари ва тўгараклар, арт-резиденциялар шаклларда ягона экотизим яратилиши назарда тутилмоқда. Бунда креатив индустриялар паркини ташкил этиш ва фаолият олиб бериш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадива паркини бошқариш дирекция томонидан амалга оширилади.

Қонунда креатив индустриялар паркининг қуйидаги асосий вазифалари белгиланмоқда:

  • креатив индустрияни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
  • креатив иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилиш;
  • креатив индустриялар парки резидентлари учун зарур ресурслар ва инфратузилма мавжудлигини таъминлаш;
  • креатив индустриялар маҳсулотлари айланмаси ва экспортини ошириш учун экотизимни ривожлантириш, шу жумладан электрон платформалар ва онлайн-бозорлар яратиш;
  • креатив индустриясида иш ўринларини яратиш ҳамда креатив индустрия соҳада кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш;
  • креатив индустрия соҳаларида инновация ва ижодкорликни рағбатлантириш механизмларини белгилаш каби вазифалар.

Шунингдек, қонунда креатив индустрия соҳасида фаолият кўрсатаётган ва сўнгги 12 ой мобайнида даромадининг камида 80 фоизини креатив соҳа фаолиятидан олган ёки соҳага мансуб бизнес-режага эга бўлган субъектлар рўйхатдан ўтиши мумкинлиги қайд этилмоқда. Бунда давлат улушига эга бўлган юридик шахслар креатив индустриялар парки резиденти бўлиши мумкин эмас.

Қонунда иқтисодий, ижтимоий, маданий ва рақамли ресурсларнинг комплекс мажмуасини ўз ичига олган креатив иқтисодиёт инфратузилмаси ташкил этилиши белгиланган бўлиб, ушбу инфратузилма креатив индустриялар парклари, креатив индустрия кластерлари, арт-резиденциялар, креатив индустрия марказлари, инновацион ускуна ва технологиялар, рақамли дастурлар ва платформалар ҳамда бошқа шаклларда бўлиши белгиланган.

Хусусан, инновацияларни рағбатлантириш ва креатив индустрия соҳаларини ривожлантириш, креатив иқтисодиёт соҳасида тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат ёки хусусий инвестициялар иштирокида креатив индустрия кластерлари ташкил этилиши Қонунда аниқ қайд этилган.

Шу билан бирга қонун асосида ички ва ташқи бозорларда креатив индустрия соҳаларидаги лойиҳаларни яратиш, ишлаб чиқариш ва илгари суриш билан боғлиқ харажатларнимолиялаштириш мақсадида креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш жамғармалари ташкил этилиши ва унинг асосий йўналишлари белгилаб қўйилмоқда.

Креатив индустрияларининг республика иқтисодиётига ҳиссасини аниқлаш мақсадида статистик кўрсаткичларини шакллантириш ҳамда креатив иқтисодиётни ривожлантиришда миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳисобга олиш, маданий меросни асраш қонун даражасида белгиланмоқда.

Креатив иқтисодиётнинг умумий иқтисодиётдаги улушини 2030 йилгача 5 фоизга етказиш бўйича мақсад қўйилмоқда.

«Қонунда креатив иқтисодиёт учун зарур инфратузилма яратиш масаласи ўрин олган. Бунда, энг муҳим масала — соҳани қўллаб-қувватлаш механизмлари белгилаб берилаётгани — ҳаммаси истиқболда уни тизимли ривожлантириш ва янада кенгайтириш имконини беради. Эътибор берилса, креатив иқтисодиёт соҳалари этиб белгиланган 15 та йўналишнинг ҳар бири бўйича бизда фундамент, салоҳият етарли даражада. Аҳоли, айниқса, ёшларимизда ижодга кизиқиш, креатив ғояларга иштиёқ, қизиқиш кучли», — дейди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

«Газета.uz» июль ойи охирида ўша пайтда тақдим этилган ижодкорлар манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ривожланишига ҳисса қўшишга қаратилган ҳужжат лойиҳаси саноат иштирокчиларининг умидларини оқламагани ҳақида ёзган эди. Креатив соҳа мутахассислари ташаббускор гуруҳга бирлашиб, қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича асосий мулоҳазалар ва биринчи навбатдаги таклифларни ўз ичига олган оммавий ҳужжат туздилар.

Таъкидлаш жоизки, Қонунчилик палатаси 30 сентябрь куни эрталаб креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонунни бирданига уч ўқишда қабул қилганини маълум қилди. Бироқ, одатий ҳолга айланиб қолган жонли эфирдаги муҳокама бу сафар бўлиб ўтмади. Парламент қуйи палатаси матбуот хизмати бунинг сабабини трансляция учун ишлатиладиган техник жиҳозларнинг янгиланаётгани билан изоҳлади.

Шунга қарамай, қонуннинг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниши ва Сенат томонидан кўриб чиқилиши ўртасида бир неча соат вақт ўтди — бундай амалиёт илгари учрамаган. Сенатнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, депутатлар ва сенаторлар биринчи кўриб чиқиш босқичида томонларнинг барча таклифлари инобатга олиниши учун деярли барча қонун лойиҳалари бўйича яқиндан иш олиб бормоқда. Палаталар 10 июлдан буён креатив иқтисодиёт тўғрисидаги қонун устида иш олиб бормоқда.