1 октябрь куни соат 23:45 да Самарқанд шаҳридаги Архитектура-қурилиш университети ҳудудида ёнғин содир бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ёнғин шаҳарнинг Лолазор кўчасида жойлашган олийгоҳнинг янгидан қурилаётган (қурилиши тугалланмаган) фаоллар залидан келиб чиққан.
Ҳодисага 6 та ёнғин қутқарув экипажлари жалб қилиниб, воқеа жойига соат 23:54 да етиб борган, соат 00:30 да у тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғин оқибатида эски қурилиш маҳсулотлари ёниб зарарланган, жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ, дейилади хабарда.
Ҳозирда терговга қадар текшириш ишлари олиб борилиб, ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби аниқланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳодисадан бир кун аввал Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида ҳам кучли ёнғин юз берганди. У 2 соатга яқин муддатда тўлиқ ўчирилган.